«Шарқий Туркистон исломий ҳаракати»нинг кўплаб аъзолари Афғонистондан чиқиб кетди». Толиблар вакили Суҳайл Шоҳин Хитойнинг Global Times нашрига берган интервьюсида ана шундай деди.
Унинг таъкидлашича, “Толибон” ҳеч кимга Афғонистон ҳудудидан бошқа давлатлар, хусусан, қўшни мамлакатларга қарши ҳаракатлар учун фойдаланишига рухсат бермайди.
«Биз Афғонистоннинг террорчиларни ёллаш марказига айланишига йўл қўймаймиз», – деди у.
Айни пайтда Суҳайл Шоҳин агар келгусида Пекин истаса, “Толибон” уйғурларни Хитойга топшириши ёки топширмаслиги ҳақидаги саволга жавоб қайтаришни истамади.
Хитойнинг Кобулдаги элчихонаси ҳозир ҳам ишлаб турибди. Толиблар вакили элчихона ва хитойлик дипломатларнинг хавфсизлиги таъминланганини маълум қилди. Шунингдек, у “Толибон” ҳаракати Хитойнинг “Бир камар, бир йўл” лойиҳасида иштирок этишга тайёрлигини айтиб, Пекиннинг гуманитар ёрдам ажратиш билан Афғонистонни қўллаб-қувватлашига умид қилишларини билдирди.
Хитой “Толибон”дан “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати” билан алоқаларни узишни бир неча бор сўраган. Пекин террорчи деб ҳисобловчи “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати” Хитойнинг Синцзян-Уйғур мухтор тумани ҳудудида мустақил исломий давлат барпо этишни кўзда тутувчи ташкилот ҳисобланади. 2020 йилнинг ноябрида АҚШ “Шарқий Туркистон исломий ҳаракати”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди ва буни ҳаракат ҳали ҳам мавжудлиги ҳақида ишончли маълумотлар йўқлиги билан изоҳлади.