Техас штати Таълим кенгаши 26 июн куни давлат мактаблари учун янги ўқув дастурини тасдиқлади. 5 миллиондан ортиқ ўқувчини қамраб олувчи дастурга классик асарлардан ташқари, Инжил матнлари, хусусан, Янги Аҳд ва Аюб китобидан парчалар киритилди. Янги дастур 2030 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилиши керак.
Республикачилар назоратидаги Таълим кенгаши вакили Брендон Холлнинг таъкидлашича, АҚШ доимо "христиан миллати" бўлиб келган. Бироқ танқидчилар черков ва давлатни бир-биридан ажратишни талаб қилиб, ушбу ўзгаришлар мактаблар ва ўқитувчиларнинг дарс давомида китоб танлаш ҳуқуқини чеклашини билдиришмоқда.
The New York Times нашрининг ёзишича, Техас мактабларида Қўшма Штатлардаги жами ўқувчиларнинг қарийб 11 фоизи таҳсил олади. Нашр мажбурий адабиётлар рўйхатининг мактаб ёки ўқитувчи эмас, балки штат даражасида тасдиқланиши жуда кам учрайдиган ҳолат эканини қайд этган.
Ўтган йили республикачилар устунлик қиладиган Техас парламенти ҳар бир мактаб синфхонасида ўн амр ёзилган плакат ёки рамкаланган матн бўлиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилган эди.