«Crocus City Hall» — россиялик бизнесмен Арас Агаларовнинг Crocus Group компаниясининг энг асосий активларидан бири. Crocus Group Россиянинг энг йирик қурилиш компанияси ҳисобланади.
Арас Агаларовга бир неча бор ўта мураккаб объектларни қуриш ишониб топширилган. Жумладан Россияда ўтган ЖЧ-2018 стадионларининг қурилиши ҳам. Масалан, Москвадаги марказий ҳалқа автомобил йўлининг участкаларидан бирини ҳам Crocus Group қурган.
«Crocus City» — Арас Агаларовнинг энг йирик активи ва Россиядаги энг йирик савдо-кўргазма мажмуаси ҳисобланади. Унинг таркибига «Crocus Expo» кўргазма майдончаси, «Crocus City Hall» концерт зали ва «Crocus Cuty Mall» савдо маркази киради.
2013 йилда Москвага қилган ташрифи чоғида Доналд Трамп уч кун «Crocus»да меҳмон бўлган. Ўшанда АҚШнинг бўлажак президенти Арас Агаларов билан Москвада «Trump Tower» қуриш бўйича музокаралар олиб борган.
Айни пайтда Арас Агаларов ўғли Эмин билан теракт содир этилган жойда ҳозир бўлиб турибди. «Концерт зали раҳбарияти ва хавфсизлик хизмати билан шошилинч йиғилиш ўтказилмоқда», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.