Грузия пойтахтида мамлакатнинг ЕИга кириши бўйича музокаралар музлатилганлиги сабабли норозилик намойишлари бир неча кун ндан буён давом этмоқда.
Полиция томонидан ҳибсга олишлар, шунингдек, сув пурковчи ва кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланилаётганига қарамай, одамлар норозиликни давом эттирмоқда. Хавфсизлик кучларининг ҳаракатларидан ҳимояланиш ва исиниш учун намойишчилар баррикадалар ўрнатишга ва олов ёқишяпти. Намойишчилар “Молотов коктейллари” ва фейерверклар ишлатишяпти.
Грузия жамоат телерадиокомпанияси биноси олдидаги намойишчилар мухолифат ва мамлакат президенти Саломе Зурабишвилига эфирга рухсат бериш, шунингдек, телеканал бош директори ва васийлик кенгаши раисини ишдан бўшатишни талаб қилмоқда. Аввалроқ Зурабишвили Грузия Конституциявий судига октябрь ойининг охирида ўтказилган парламент сайловларидаги оммавий қонунбузарликлар ҳақидаги даъвосини тезда кўриб чиқиши учун босим ўтказишга чақирган эди.
Ҳукуматнинг ЕИ билан интеграцияни тўхтатиш қарорига қарши намойишлар Грузиянинг бошқа йирик шаҳарлари: Зугдиди, Батуми, Кутаиси ва Горида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Грузиядаги энг йирик банклар Bank of Georgia ва ТBC, Мagti ва Silknet алоқа операторлари, шунингдек, яна бошқа бир қатор йирик компаниялар намойишчилар билан бирдамлик билдирди.
Ҳукуматнинг евроинтеграцияни тўхтатиб қўйиш қарори Грузия Ташқи ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Конституциявий суди ходимлари ва бошқа давлат муассасалари хизматчилари томонидан ҳам оммавий равишда қораланди. Бундан ташқари, Грузиянинг АҚШ, Нидерландия, Болгария, Италия ва Литвадаги элчилари норозилик сифатида ўз лавозимларини тарк этгани хабар қилинган.