Кейинги йилларда мамлакатимизда экспорт салоҳиятини ошириш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда. Сабаби экспорт салоҳиятини кенгайиши мамлакатнинг иқтисодий юксалиши ва фаровонлигининг муҳим омилларидан биридир.
Маҳсулот ва хизматларнинг сифати, рақобатбардошлигини ошириш уларни хорижий харидорлар учун янада жозибадор қилиш имконини беради. Бунга албатта замонавий технологияларни такомиллаштириш, сифат стандартларини яхшилаш, бренд ва маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш киради. Экспорт географиясини кенгайтириш мавжуд хавфларни диверсификация қилиш ва экспорт ҳажмини оширишга ёрдам беради.
Юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар каби республикамизнинг экспорт салоҳиятини ошириш, экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, миллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва валюта тушумларини кўпайтиришга қаратилган улкан ишлар қилинди.
Ўзбекистон 2030 йилда товар ва хизматлар экспортини 45 млрд АҚШ долларига етказиш мақсади қўйилган бўлиб, ушбу кўрсаткичга эришиш учун кейинги 5 йилда амалга ошириладиган аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, экспортчи корхоналар сони 6,5 мингтадан 15 мингтага етказилиб, айланма маблағлар учун 600 дан ортиқ корхонага Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қулай шартларда маблағлар ажратилади. “GSP+” ва бошқа тизимлардан фойдаланган ҳолда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар экспорти 3,3 баробарга кўпайтирилади.
Хусусан, “GSP+” тизими доирасида Европа давлатларига тўқимачилик маҳсулотлари экспорт ҳажмларини 1,7 млрд АҚШ доллар, қурилиш материаллари экспорт ҳажми 170 млн, электротехника саноати маҳсулотларининг экспорт ҳажми 150 млн, чарм-пойабзал саноати маҳсулотлари экспорти 165 млн, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 165 млн ва фармацевтика маҳсулотлар экспорти 17 млн АҚШ долларига етказилади.
Шунингдек, халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сони 10 баробарга оширилиб, уларнинг сони 5 мингтага етказилади. Тармоқлар ва соҳаларда эса 2030 йилга бориб халқаро стандартлар жорий қилинган корхоналар сони тўқимачиликда 700, қурилишда 1 400, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида 1 475, чарм-пойабзал соҳасида 425 тага ва электротехника соҳасида 600 тага ошади.
Хорижий бренд маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан “аутсорсинг” ва “франчайзинг” асосида ҳудудларда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чоралари кўрилади. Бунда, Бизнес-форумлар, учрашувлар ва “В2В” форматида музокаралар ўтказиш учун мамлакатлар кесимида тўқимачилик маҳсулотларининг етакчи халқаро брендлари рўйхати шакллантирилади.
Шу билан бирга, етакчи брендлар жалб қилиниб, улар билан шартномалар тузиш орқали халқаро етакчи консалтинг ташкилотлари жалб қилинади. Халқаро молия корпорацияси (АҚШ), Воstоn Соnsulting Group (АҚШ), Deloitte (Буюк Британия), МсКinsеу & Соmраnу (АҚШ), КРМG (Нидерландия), PwC (Price Water House Coopers) (Буюк Британия), Ваin & Коmраniуа (АҚШ), Оlivеr Wуmаn (АҚШ) шулар жумласидан.
Умуман олганда, экспорт ҳажми ва маҳсулот турларини кўпайтириш мамлакатимиз даромадининг ошишига хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига сармоя жалб этиш ва ижтимоий дастурларни молиялаштириш имконини беради.