Тайваннинг шимоли-шарқий қирғоғидаги Йилан шаҳридан тахминан 32 км узоқликда 7 магнитудали зилзила содир бўлди, деб хабар берди CNN орол маъмуриятига таяниб.
Мамлакат ҳукумати зилзиладан сўнг катта зарар қайд этилмаганини маълум қилди. Айрим жойларда газ ва сув сизиб чиқиши, шунингдек биноларга енгил шикаст етгани қайд этилган.
Тайван Об-ҳаво бошқармаси яқин бир кун ичида 5,5–6 магнитудали такрорий силкинишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Тайван президенти Лай Циндэ вазият ҳукумат назоратида эканини билдирди ва аҳолини такрорий силкинишларга нисбатан ҳушёр бўлишга чақирди.