Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида 22 та янги аҳоли пунктини барпо этишни режалаётгани маълум бўлди.
"Ҳукумат ушбу минтақада расмий рухсат олинмаган ҳолда қурилган аҳоли пунктларини қонунийлаштиршни ҳам режалаштирмоқда", —деди Исроил молия вазири ва бош вазир Бинямин Нетаняху раҳбарлигидаги ҳукуматга кирувчи ўнгчи “Диний сионизм” партияси раҳбари Бецалел Смотрич.
Унинг таъкидлашича, Фаластин ҳудудларидаги Исроил аҳоли пунктларини тан олиш ва кенгайтириш “тарихий қарор” бўлиб, Исроилнинг мустаҳкамланишига хизмат қиладиган муҳим қадамдир.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Шалом ахшав” (“Тинчлик — ҳозир”) ташкилоти маълумотларига кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Исроил аҳоли пунктларида янги уй-жой қуриш бўйича тасдиқланган режалар сони бутун 2024 йил давомида тасдиқланган режалардан ҳам кўп бўлган.
Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида қурилишларни давом эттириши Фаластин-Исроил муносабатларидаги узоқ муддатли зиддиятнинг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Бу амалиёт халқаро ҳуқуқ нормаларига зид бўлиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан танқид қилиб келинади.