Бизга маълумки, бугунги кунда мамлакатимизда ҳар бир соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, мазкур ислоҳотларнинг салмоқли қисмини таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ташкил этмоқда. Сўнгги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш бўйича амалий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, таълим тизимидаги ислоҳотлар ва амалий чора-тадбирлар қуйидаги йўналишлар бўйича ташкил этилмоқда:
1) мактабгача таълим соҳасида;
2) умумий ўрта ва ўрта махсус таълим;
3) олий таълим;
4) олий таълимдан кейинги таълим;
5) кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш.
Демак, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг, аввало, мактабгача таълим ва тарбия соҳасида бошланиши ҳам бугунги кунда ушбу соҳага алоҳида эътибор берилаётганлигидан дарак бермоқда. Бугунги глобаллашув жараёнида болалар тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизимининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс ҳисобланади. Мазкур соҳага бўлган эътибор мамлакатнинг эртанги тараққиёти учун мустаҳкам замин яратади. Мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси сифатида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Қонунни келтиришиз мумкин. Мазкур Қонунда мактабгача таълим ва тарбия соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мактабгача таълим ва тарбия олишга доир давлат кафолатлари ва бошқа шунга ўхшаш масалалар белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, юртимизда илк бор Мактабгача таълим вазирлигининг ҳам ташкил этилганлиги ушбу соҳадаги асосий ислоҳотлардан бири бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.
Шунингдек, бугун йирик шаҳарларимиздан тортиб, чекка туманлар, қишлоқ ва овулларимизда янги-янги замонавий боғчалар барпо этилмоқда. Қисқа вақт, яъни тўрт йил ичида республикамизда боғчалар сони 3 баробар ошиб (5 минг 200 тадан 14 минг 200 тага), болаларни қамраб олиш даражаси 28 фоиздан 54 фоизга етгани ҳам амалий ҳаракатларнинг натижасидир.
Сўнги йилларда таълим соҳасининг барча босқичларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш ва модернизация қилиш бўйича қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Хусусан, таълим тизимида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири бу – “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши бўлди. Мазкур Қонунга асосан таълим соҳасидаги асосий принциплар, таълим тизими, турлари ва шакллари аниқ белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Қонунга кўра, давлат олий таълим, ўрта махсус, профессионал таълим муассасалари ва уларнинг филиаллари, шунингдек давлат иштирокидаги олий, ўрта махсус, профессионал таълим ташкилотлари ва уларнинг филиаллари Президент ёки Ҳукумат қарорлари билан ташкил этиладиган бўлди. Нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш уларнинг таъсисчилари томонидан амалга оширилиши белгиланди. Нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан бериладиган бўлди. Ушуб Қонун билан 1997 йил
29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги ҳамда “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги қонунлар ўз кучини йўқотди.
Шунга кўра, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши ҳамда амалиётга жорий этилиши таълим соҳасида қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири бўлди дейишимиз мумкин.
Президентимиз Ш.М. Мирзиёев таъкидлаганларидек, “фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”.
Бундан ташқари, таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг маълум қисмини, албатта, олий таълим тизимидаги ислоҳотлар ташкил этади.
Ҳусусан, Ўзбекистон Республикасида олий таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълимни модернизация қилиш, илғор таълим технологияларига асосланган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги ПФ–5847-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси мазкур соҳадаги янги ислоҳотлар учун дебоча вазифасини бажариб бермоқда.
Бугунги кунда жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик ўчоқлари ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда янги-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Мисол учун, сўнгги 4 йилда мамлакатимизда 47 та янги олий таълим муассасаси, жумладан, хорижий университетларнинг филиаллари ташкил этилиб, олий ўқув юртларининг сони 125 тага етди.
Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда, сиртқи ва кечки таълим шаклларини қайта тикладик, қабул квоталари оширилмоқда. Мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етган бўлса-да, биз
бу ишларни янада кенгайтиришимиз зарур.
Профессор-ўқитувчиларнинг хориждаги олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот масканларида малака ошириши ва стажировка ўташини таъминлайдиган механизм яратилди. Уларнинг ойлик иш ҳақи миқдори
2018 йилга нисбатан ўртача 2,5 баробар оширилди. Бу йилдан бошлаб 10 та олий таълим муассасаси ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Демак, юқоридагилардан хулоса қиладиган бўлсак, таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам бугунги кунда ўзининг долзарблиги ҳамда амалий аҳамияти билан бошқа соҳалардаги ислоҳотлардан асло қолишмайди. Чунки ушбу соҳадаги ислоҳотларни янада кенг кўламда давом эттириш давр талабидир.
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят-процессуал ҳуқуқи кафедраси
ўқитувчиси С. Махмудов