Ушбу журналга анча йиллардан бери обунаман. Унинг келишини оиламиз билан кутамиз. “Тафаккур” халқнинг оқилу фозиллари, юртсеварларию миллатсеварларининг залворли-залворли ўй-фикрларини ортмоқлаб йилига тўрт марта хонадонимизга салобат билан кириб келади.
Унинг ташрифи улуғ бир меҳмонни эслатади-ю, биз дарров ростланиб оламиз. Онгу шуурингга ёруғлик, ақлу заковатингга теранлик, жисму жонингга тетиклик бахш этувчи ушбу ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий журналдаги ҳар бир мақолани ютоқиб ўқиймиз. Улуғ устозларимиз, миллат жонкуярлари Эркин Аъзам, Султонмурод Олим, Аҳмаджон Мелибоев, Иброҳим Ҳаққул, Шуҳрат Ризаев, Абдулла Аъзам, Зуҳриддин Исомиддинов, Сирожиддин Саййид, Эшқобил Шукур, Хуршид Даврон, Хуршид Дўстмуҳаммад, Раҳмон Қўчқор, Исажон Султон, Абдураҳим Эркаев, Олим Давлатов, Собиржон Ёқубов, Шоҳсанам ва бошқа улуғ ижодкорларнинг чиқишларини қайта-қайта мутолаа қиламиз, кўнглимизда ажиб бир тафаккур байрамини туямиз.
Қалбимда яшашга, яратишга янги куч уйғотувчи ушбу нашрнинг қадр-қимматини сўз билан ифодалашга ожизман. Журнал саҳифаларидаги устоз адабиётшунослар, забардаст олимлар, ёзувчи ва шоирларнинг кучли мушоҳадага тўла чиқишларини шарҳлашга бирда кучим етса, бирда етмайди. Бироқ, бир нарсани яхши биламанки, ушбу нашрни ўқигандан кейин ўз фаолиятимдан қониқмаслик кайфиятини сезаман, руҳи жонимда миллат ва юрт ишига дахлдорлик ҳолати кучайиб, ўзимни ўқишга, изланишга, қайноқ фаолиятга берганим берган бўлади. Ёки иш жойида ўзига юклатилган масъулиятни жон-жаҳди билан бажариб, давлат ва жамият ривожига тўсқинлик қилаётган иллатлар билан баҳоли қудрат курашаётган ўғлим ҳар замонда: “Ая, бугунги фаолиятимда “Тафаккур”ни икки йил қўлимдан қўймай ўқиганим иш бераяпти”, дейиши рост гап.
Бироқ, минг-минг афсуслар бўлсинким, журналнинг ададини кўриб, бугунги кунда унинг жамият ва миллат ривожи учун ниҳоятда бебаҳо манба эканлигини ҳис қилганим ҳолда, нола чекдим: “Нашр адади 1014 нусха”. Кўзларимга ишонмай қайта-қайта қарадим.Во дариғ, ўттиз уч миллион аҳолига эга Ўзбекистон деган улкан мамлакатда бор-йўғи 1014 нусха “Тафаккур” ўқилади. Бу дегани қарийб 33 минг кишига битта журнал. Бу нима дегани?! Қаёққа қараб кетаяпмиз?! Миллатнинг жон томирини қақшатаётган, маънавиятимиз илдизига болтаураётган долзарб муаммолар кўтарилаётган нашрга эътибор шуми?! Ўқиганингда онг тафаккурингни ёғдулантириб, кўзни катта очиб яшашга, яратишга руҳлантирадиган “Тафаккур” бугун нимага қўлма-қўл бўлиб кетмаяпти?! Зиёлиларимиз нимани ўқишаяпти, нималар устида бош қотиришаяпти?!
Ахир Ўзбекистонда 90 та олий ўқув юрти, 9691 та умумтаълим мактаблари фаолият юритмоқда. Нимага ҳар бир олий ўқув юрти ҳеч бўлмаганда 10 та журналга обуна бўлолмайди. Ҳар бир умумтаълим мактаби лоақал 2 та журналга обуна бўлиб, кутубхонага қўйиб қўйса, ундан ўқитувчилар баҳраманд бўлса ярашмайдими?! Юртимизда фаолият юритаётган минглаб маҳаллалар ҳеч бўлмаганда биттадан журналга обуна бўлишса гуноҳ бўладими?! Ўзбекистон ҳудуди фаолият юритаётган кутубхоналар учун ҳеч бўлмаганда 4 тадан журнал нусхаси ташкил қилинса нур устига аъло нур бўлмайдими?! Кераксиз ҳою-ҳавасларга пул сочишни биламизку. Бир ёшли боламизни туғилган кунига миллионларни сарфлашга устамиз-ку. Нима учун бир йиллик обуна баҳоси бор йўғи 140 минг турадиган журналга ёзилишга бунча қорнимиз оғрийди. Биз қачон уйғонамиз?!
Мана қўлимда “Тафаккур”нинг 2019 йил 2-сони. “Нима дейсиз, замондош?”, “Тараққиёт тамойиллари”, “Жамиятнинг мақсади”, “Олий мезонлар”, “Ақл мунозараси”, “Инсон ўзинг, инсон ўзинг”, “Хазина”, “Маъно ва моҳият”, “Буюклик тимсоллари”, “Шарқу ғарб ҳикмати”, “Жавондаги жавоҳир”, Талқин ва тадқиқотлар” рукнларида берилган материаллар мутолаасига чин дилдан бериламан, мағзи тўқ, дурдона фикрларни дафтаримга кўчиришга тутинаман.
Давлат бошқаруви соҳаси мутахассиси Азиза Умарова билан “Маърифат қайғуси, тараққиёт мавзуси” мавзусидаги ўзбек аёлларига эҳтиром сифатида суҳбат журналнинг биринчи саҳифасида берилган. “Тафаккур” меҳмони Ўзбекистонда раҳбар аёллар сафи кенгайишига тўсқинлик қилаётган омилларга алоҳида тўхталиб, Словакия, Эстония, Жанубий Корея, Сингапур каби юксак маърифатли мамлакатларни аёл президентлар идора қилаётгани, раҳбар аёллар кўпайса жамиятда ижобий ўзгаришлар юз бериши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирилган. Суҳбатда миллат зиёлиларини ўйлантираётган тил масалалари ҳақида қимматли фикрлар келтирилган. Жумладан, юртимизда олий таълим тизими коррупция балосидан халос бўлмас экан, рус тилида таълим олишга иштиёқ кучайиб боравериши, она тилининг мақомини юксалтириш учун аввало таълим тизимидаги муаммоларни ҳал қилиш лозимлиги куйинчаклик билан таъкидланади. Қанийди, бу суҳбатдан минг-минглаб зиёлиларимиз баҳраманд бўлсалар эди, дея орзуладим.
“Тадқиқот тамойиллари” рукнида Аброр Юсуповнинг “Бизга қандай бошқарув керак?” мақоласи чоп этилган. Унда кадрлар билан ишлаш борасида аниқ таҳлилга асосланган, яқин, ўрта ва узоқ истиқболга йўналтирилган яхлит тизимга зарурат борлиги ҳақида фикр билдирилган ва давлат бошқарувига ижобий таъсир қилувчи омилларни санаб ўтилган.
Тўлқин Алимардоннинг “Жамиятнинг мақсади” рукнида босилган “Миллий таълим: танқид ва таклиф” мақоласида таълим соҳасидаги ўта долзарб муаммолар ўртага ташланган. Муаллиф таълим ҳаёт давомийлигини таъминлайдиган ижобий фазилатларни авлодларга етказиш орқали замонавий инсоннинг қиёфасини шакллантиришга қаратилганлигини таъкидлар экан, “Японияда болага 4-синфгача аниқ фанлар ўрнига адолатли ва ватанпарвар бўлиш, табиатни ва гўзалликни севиш, ҳис қилиш каби ҳаёт фалсафасини сингдиришга қаратилган фанлар ўқитилар экан. Бу фазилатларга эга бўлмаган бола шахс сифатида камолга етмай қоларкан. Мана, сизга миллий фалсафа! Биз эса коррупцияга қарши курашиш учун катта-катта маблағларни ҳуқуқий органлар фаолиятига ажратиб юрибмиз”, деб ёзади.
Жамиятимизда таълим ижтимоий ҳаётдан ва ишлаб чиқаришдан алоҳида бўғиндек тасаввур шаклланганлиги, жамиятнинг маънавий ва моддий ҳаёти ўртасида номутаносибликнинг мавжудлиги таълим самарадорлигига путур етказаётганлиги ҳақида шундай дейди: “Ўқитувчи ўқувчига “адолатли ва жасур бўл” деб тарбия беради, лекин маънавий асослари шаклланмаган жамият бундай фазилатларни қабул қилмайди ёки рағбатлантира олмайди. Оқибатда жамиятнинг маънавий ва моддий ҳаёти ўртасида тафовут вужудга келади”.
Мен бу мақолани Халқ таълими вазирлигидан тортиб, вилоят ва туман халқ таълими бўлимларида, олий ўқув юртларидан тортиб барча умумтаълим мактабларида кенгроқ ўрганилишини, бу борада катта баҳс-мунозаралар олиб борилишини истаган бўлардим.
Абдулла Аъзамнинг “Олий мезонлар” рукнига муносиб кўрилган“Долғада қолган кема ёхуд бурч” мақоласида ижтимоий бурчнинг муҳим бир тури бўлмиш кишининг касбий бурчи ҳақида гап кетади ва жамиятимизда касбий бурчга муносабат мутлақо қониқарсиз даражада эканлиги танқид қилинади. Муаллиф бурчга садоқатнинг гўзал намунаси сифатида 1912 йилда Ғарб оламида содир бўлган “Титаник” фожиаси вақтида оддий машшоқларнинг бурчига бўлган садоқатини мисол қилиб келтиради. Кема муз қояга урилиб, фалокат хабари тарқалганига қарамай, мусиқачилар баланд пардаларда куй ижро этишга киришишади ва созандалар то кема чўккунча жойларини ҳам, ижрони ҳам тарк этишмайди.
“Хулоса равшан: ҳар ким ўз бурчини тўғри адо этсагина, жамият кемаси бехатар сузади. Тўғри адо этибгина қолмай, бурчга садоқат тамойили жамиятда устувор бўлса, яъни вазифадорлар “ўлсам ўламанки, бурчимга хиёнат қилмайман”, деган ақидада яшаса, бундай жамият тараққиёт чўққисига албатта чиқади; иқтисодий даражасидан қатъий назар уни буюк деб аташ мумкин”, деб ёзади муаллиф.
Устоз Абдулла Аъзам таъкидлаганларидек, мана бизнинг оғриқли нуқтамиз қаерда?! Ўз касбий бурчимизни билмаганимиздан, турли ҳою-ҳавасларга берилиб, куч-қувватимизни беҳуда ишларга сарфлаб юрибмиз. Аслида бугунги ёшларнинг онгу тафаккурига бурч тушунчасини ҳар қачонгидан кўпроқ ва хўпроқ сингдиришимиз керак.Ушбу мақолани нафақат мактабларда, балки каттаю кичик ташкилот ва корхоналарда ўтказиладиган Маънавият соатларида ўрганилса мақсадга мувофиқ иш бўларди.
Михли Сафаровнинг “Маърифат мухолифлар” мақоласини завқ билан ўқидим. Унда маърифатга жуда чиройли таъриф берилган: “Ғарбда маърифат фақат ақл-идрок деб қаралса, Шарқда кўнгил –маърифат ватани саналади. Чунки маърифат энг аввало кўнгилда уйғонади, етилади, ривожланади ва инсон амалида юз кўрсатади. Кўнгилдаги эзгулик – инсоннинг босажак қадамини белгилайди, айтадиган сўзига жон ва қон бўлади, ёруғ оламда бажарадиган барча ёруғ ишларининг раҳнамосига айланади. Эзгулик – адолат, ҳақиқат, диёнат, виждон, имон ва инсоф, бағрикенлик ҳам олий ҳимматдир”.Ушбу маърифат ҳақидаги дурдона фикрларни олий ва умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган маънавият ва маърифат тарғиботчиларига жуда илиндим. Айниқса, маҳаллалардаги диний-маърифий ва тарбиявий масалалар билан шуғулланувчилар улардан ўз ўрнида фойдаланишиб, бу олтин сўзларни ёшларга маромига етказиб сўзлаб берсалар қандай, қандай аъло иш бўларди?!
Мизроб Бўроннинг “Биз кўтариб бораётган юк” мақоласини диққат билан ўқиган киши юз йилдан бери ортмоқлаб бораётган юкини бир силкиниб елкасидан улоқтириб ташлайди-да, енгил нафас олади. Эпикурнинг “Фоний ва Боқий” деб номланган Менекейга мактубининг муваффақиятли таржимаси билан Хуршид Йўлдошевни табриклаш керак. Миллат қайғусида куйиб ўтган устоз ОмонуллаМадаевнинг Ўзбекистон ҚаҳрамониОзод Шарафиддинов ҳақидаги “Озод домла” мақоласи, Нодира Офоқнинг Чингиз Айтматовнинг “Жамила”си талқинига бағишланган “Қояда ўсган гул” мақоласи юрагимга муродбахш туйғуларни ҳадя этиб, кўнглим кенгликларига бошлаб кетди. Эшқобил Шукурнинг теша тегмаган “Чимдим ҳайрат, чимдим ҳасрати”га чин дилдан шерик бўлдим. Азиз юртдошим Зуҳриддин Исомиддиновнинг яна бир улуғ юртдошимиз Хожа Қутбиддин Бахтиёр Кокий ҳақидаги ажойиб мақоласини “Виждоннинг исёни” деб номлабди ва аниқ фактларга асосланган материал жуда ўқишли чиқибди. “Жавондаги жавоҳир” рукнида Вафо Файзуллоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Девон”и, Лев Толстойнинг “Асарлар тўплами”, Морис Метерлинк “Сўқирлар” драмаси асарлари мутолаасидан олган таассуротлари билан ўртоқлашади. Ноёб истеъдод соҳибларининг Вафо Файзуллоҳ каби кучли тафаккур эгалари томонидан мутолаа қилинишидан туғилган дурдона фикр-мулоҳазалар ушбу гўзал асар кўксига қадалган қундуз бўлиб, ҳаммани ушбу асарлар мутолаасига тортаверади.
Тўғриси, журнал таҳририяти аъзоларининг обуна бобида нолиганларини эшитмадим. Улар худди “Титаник” машшоқлар каби мазза қилиб ижод қилишмоқда. Бундай ажойиб фикрни “Жаҳон адабиёти” ва “Шарқ юлдузи” таҳририяти аъзолари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Замонамизнинг забардаст зиёлилари завқ билан қалам тебратишиб, бир-бирлари билан мунозара-мушоҳадага киришишиб, ижод қозонида гумбур-гумбур қайнаб ётишибди. Бироқ, яратилган ва яратилаётган маънавий бойликлардан ўз ўрнида фойдаланадиган, ижод маҳсулларидан яйраб-яйраб баҳраманд бўладиган авлод етишмаяпти бизга.
Сиз бунга нима дейсиз, азиз замондош?!
Manba: uza. uz