Сурия Ички ишлар вазирлиги Рождество ва Янги йил байрамларида террорчилар томонидан режаланган бир қатор қуролли ҳужумларнинг олди олингани ҳақида хабар берди.
Бу ҳақда вазирлик ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ички хавфсизлик кучларининг махсус бўлинмалари операция ўтказган ва унинг давомида “Сарайя ал-Жаввад” террорчилик тармоғига алоқадор жиноий гуруҳлардан бирини зарарсизлантиришга муваффақ бўлган. Унинг аъзолари Латакия вилоятида Рождество ва Янги йил байрамлари чоғида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва тинч аҳолига ҳужум қилишни режалаштирган.
Сурия хавфсизлик кучлари қидирувдаги жангарилар яширинган Дувейр Баабда маҳалласини қуршаб олди. Жангарилар таслим бўлишдан бош тортгач, кучлар бинога бостириб кирган. Уч радикал ўлдирилган, бири қўлга олинган. Отишма давомида махсус бўлинмаларнинг тўрт нафар аскари “енгил яралангани” хабар қилинган.
Латакия вилоятидаги ички хавфсизлик кучлари қўмондони генерал Ҳилол ал-Аҳмед Дувейр Баабдада собиқ режим тарафдорларига қарши махсус операция якунланмаганини маълум қилди.
“Биз тинч аҳолини террорчилардан ҳимоя қилиш ва вилоятда барқарорликни таъминлаш бурчимиздан чекинмаймиз" - дейилади баёнотда.