Суриянинг янги раҳбари Аҳмад ал-Шара (собиқ Аҳмад ал-Жулани номи билан танилган) унинг мамлакати қўшнилари ёки Ғарбга ҳеч қандай хавф туғдирмаслиги ва йиллар давом этган урушдан сўнг қайта қуриш зарурлигини айтди.
BBC билан суҳбатда ал-Шара Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШни Суриядан халқаро санкцияларни бекор қилишга чақирди. 2011 йилдан буён мамлакатга нисбатан жами 300 дан ортиқ чекловлар жорий этилди;
💬 “Бу санкциялар аввалги ҳукуматга нисбатан жорий қилинган, уларни бекор қилиш вақти келди. «Сиз қурбонни ҳам, золимни ҳам бирдек жазолай олмайсиз», - дея таъкидлади Суриянинг янги амалдаги раҳбари.
Шу ҳафта бошида БМТ ҳам Суриядан санкцияларни олиб ташлашга чақирган эди. БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Геир Педерсен ал-Шара ва муваққат бош вазир Муҳаммад ал-Башир билан учрашиб, уларни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюциясига мувофиқ инклюзив ҳукумат яратиш ва сиёсий ўтишга эришишга чақирди.
Ҳаят Таҳрир аш-Шам (HTS) гуруҳи раҳбари Ал-Шара шу ой бошида Башар ал-Ассад режимини ағдарган тезкор ҳужумни бошқарган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, АҚШ ва Европа Иттифоқи HTSни қора рўйхатидан чиқаришга шошилмаяпти, аммо ал-Шара гуруҳ ўзгарганини таъкидламоқда.
«HTS террорчи ташкилот эмас. Биз ҳеч қачон тинч аҳолига ёки фуқаро объектларига ҳужум қилмаганмиз. Аксинча, биз ўзимиз ҳам режим жиноятларининг қурбони бўлдик», - дея тушунтирди ҳарбий раҳбар.
У Афғонистон билан солиштиришни рад этиб, Суриянинг ўзига хос маданий ва ижтимоий хусусиятларини таъкидлади.
«Сурия Афғонистон эмас. Бизда бой анъаналар, жумладан, хотин-қизларга таълим бериш ҳам бор. Биргина Идлибда университет талабаларининг 60 фоиздан ортиғини аёллар ташкил этади», — деди Ал-Шара.
У, шунингдек, янгиланган Сурияда қонун устуворлиги ва Конституцияга урғу бериб, мамлакат янги бобни бошлаётганини қайд этди.