Бугун 16 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Сурия ҳукумати икки йилда Россияга 250 млн доллар нақд пул ўтказган – FT

Сурия ҳукумати икки йилда Россияга 250 млн доллар нақд пул ўтказган – FT

Сурия ҳукумати 2018–2019 йилларда Москвага 250 миллион долларлик икки тонна нақд пул ўтказган.

Financial Times нашрининг иддаосича, Асад режими деярли икки тонна оғирликдаги 100 доллар ва 500 евролик банкнотларни Москванинг Внуково аэропортига ташиб ўтган. Жумладан, 2019 йил феврал ойида Сурия Марказий банки Москвага 20 миллион еврога яқин, ўша йилнинг май ойида эса 10 миллион доллар жўнатган. Ҳаммаси бўлиб, бу даврда Суриядан Москвага 21 та рейс амалга оширилиб, самолётларда жами 250 миллион доллардан ортиқ маблағ ташилган.

Ўрганилган ҳужжатларга кўра, ушбу маблағлар Россиянинг икки банки – «Россия молия корпорацияси» (РФК) ва ЦМРБанкга жўнатилган. Қайд этилишича, РФК Россия давлат қурол экспорт компанияси бўлган «Рособоронэкспорт» таркибига киради.

Газетанинг қўшимча қилишича, Сурия марказий банки «Сурия диктатори Кремлдан ҳарбий ёрдам учун қарздор бўлган ва унинг қариндошлари Россиядаги активларини яширинча сотиб олган бир даврда» пулларни Москвага ўтказган. Айни нашр 2019 йилда Башар Асаднинг қариндошлари 2013 йилдан бошлаб Москвада камида 20 та кўчмас мулк, жумладан, Москва шаҳридан 19 та квартира сотиб олгани ҳақида ёзган.

Божхона маълумотларига кўра, 2018-йилгача Сурия марказий банки Россия банкларига пул юбормаган.

Бироқ 2018-2019 йилларда Дамашқдан пул олган икки рус банки Сурия ёки бошқа давлатдан бошқа нақд пул қабул қилгани ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Эслатиб ўтамиз, 8 декабрь куни Сурия қуролли гуруҳлари Дамашққа тезкор ҳужум уюштирганидан сўнг Башар Асад Сурия президенти лавозимидан кетди ва мамлакатни ҳам тарк этди. Айрим манбаларда Россия расмийлари Асадни Сурияни тарк этишга кўндиргани ва унинг қочиши Россия разведкаси томонидан уюштирилгани ҳақида ёзади.

Россия президенти Владимир Путин Асад ва унинг оиласига Россиядан бошпана берди.

Киритилди: Бугун 15:24. Ўқилди: 255 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!