Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Суннат қилинган қизлар: “Бу шунчаки даҳшат” (фото)

Суннат қилинган қизлар: “Бу шунчаки даҳшат” (фото)

Бугунга қадар йиғилган маълумотларга қараганда, қизлар кўпинча 4 ёшдан 12 ёшгача бўлган оралиқда суннат қилинади. Бутунжаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг  статистикасига кўра, бугунгача 100-140 млн қиз суннат қилинган. Африка ва Яқин Шарқда йилига 3 млн қиз суннат қилиняпти.

Асли россиялик бўлган журналист Надя Пянкова ҳамда фотограф Аша Майлз томонидан тайёрланаган “Қусур” лойиҳаси бу гал махсус “Қизлар суннати”га асосланди ва ундан Африканинг ғарбида жойлашган Гамибияда истиқомат қилувчи 12 аёлнинг ҳикояси ўрин олди.

Гамбияда яшайдиган 76 фоиз аёлнинг бошига бу савдо тушган. Суннат қилинган қизлар процедурадан сўнгра жиддий психологик муаммоларга ошно бўлишади. Кучли оғриқ ва кўп қон кетиши натижасида вафот этганлар ҳам оз эмас. Бу қонун 2015 йилда тақиқланган бўлса-да, иллегал йўллар орқали мудом давом этяпти.

Аида Мбенга, 22 ёш:

“Ҳодисани тўлиқ хотирлай олмайман. Чунки ҳушим ўзимда эмасди. Онам менга туғилган кунимда Бакжулга кетишимизни айтди. Айнан кимникига борганимизни эслолмайман. Уйда битта аёл бор эди. Уёғи эсимда йўқ. Кўзимни очганимда шифохонада эдим. Энди кеч бўлган, мен суннат қилингандим. Кўп қон йўқотганим учун ҳушимдан кетган эканман.

Отам бошқа халққа мансуб. Уларнинг халқида бу нарсаган салбий қарашади. Онам эса аксинча. Онам отам қарши чиқишини билгани учун ҳам бу ишни яширин тарзда амалга оширган экан. Биласизми, отам ҳалигача бехабар. Бу ҳақида мен айтолмайман. Онамга ачинаман. Аммо синглим буни кўтаролмади. У ўлиб қолди.

Саро Вах, 37 ёш:

Юр, ўтин териб келамиз. Онамнинг бу сўзларини ҳеч қачон эсимдан чиқаролмайман. Ўшанда беш ёшда эдим. Биз тўқайзорга борганимизда бизни битта аёл кутиб турган экан. Операция учун ҳамма нарса тайёр эди. Ҳаммаси бир зумда содир бўлди. Мендан ташқари яна иккита қизни олиб келиб, суннат қилишди. Бизни суннат қилаётганларида ҳеч бир оғриқ қолдирувчи дармон беришмади. Сиз буни тушуняпсизми? Йўқ, тушунмайсиз.

Мени эрта эрга беришди. Турмуш ўртоғим 25, мен эса 14 ёшда эдим. Шу нарсага амин бўлиб айтаманки, суннат қизларга оғриқ, азоб, ўзлигини йўқотиб қўйиш ва ҳатто ўлим ҳам бериши мумкин, аммо ижобий ҳеч нарса бермайди...

Тез-тез эшитиб қоламан қизлар суннати бекор қилингани ҳақида. Аммо қонун қоғозларда. БМТнинг баёнотларида. Бутунжаҳон инсон манфаатларига мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларида, холос. Аслида эса қиз керак бўлса уйининг ҳаммомида ҳам суннат қилиниб ётибди. Ҳатто гўдаклигидаёқ.

Сайнабу Вах, 19 ёш:

Мен суннат қилинганимда 9 ёшда эдим. Опаларим суннат қилингани учун мен ҳам қачондир бу мусибат билан юзлашишимни билардим. Аммо қачон, қаерда ва қандай экани ҳақида тасаввурим йўқ эди. Бир куни уйимизда меҳмондорчилик бўлди. Тўкин дастрхон, куй-қўшиқлар.

Мендан ташқари бир неча тенқур қизлар бор эди. Кейин бизни суннат қилишди. Ўша пайтдаги ҳолатимизни айтмайман, барибир, тасвирлай олмайман.

Фату Баджанг, 52 ёш:

“Бу ҳодиса ҳақида ҳеч нарса билмайман. Мени бешикдалик пайтимдаёқ суннат қилишган экан. Шукур қиламан. Нега? Бу бизнинг одатимиз.

17 ёшимдан сўнг ўзим бу амалиёт билан шуғуллана бошладим. Кейинчалик мутахасисга айландим. Мен суннат қилган қизларнинг ичида касал бўлиб ёки ўлиб қолганлари йўқ. Аммо, афсуски, қонун буни тақиқлаб қўйди. Аслида, бу ерда ҳеч қандай ёмон нарса йўқ. Қизларга нима муҳим? Менимча, қиз бола учун энг устун нарса унинг оиласи. Жинсий истаклари эмас.

Мариама Жуф, 24 ёш:

Онам мен ва сингилларимни суннат қилишни истарди. Бир куни бизни меҳмондорчиликка олиб боришди. Дастурхон шоҳона эди. Бизгаҳаммаси сизлар учун, хоҳлаганча енглар, дейишди. Мен ва сингилларимдан ташқари яна учта қиз ҳам бор эди. Кейин бизни суннат қилишди. Оғриқ қолдирувчи дорилар ҳам йўқ эди. Энг ёмони, менга амалиёт чоғида инфекция тушган экан. Баданимда мунтазам оғриқлар бўлар, кунора оғриқлар тутиб қоларди. Эрим ҳам ташлаб кетди касалманд хотин керакмас, деб. Айни дамда Сенегалда яшаётган синглим... Майли, бу ҳақида гапирмайман...

Менинг ҳозир 4 яшар қизим бор. Бир куни онам менга Урф-одатларимизга қарши чиқма, қизингни ҳам суннат қиламиз, деганида, онамга биргина жавоб берганман: “Сизни ўлдираман. Шундан бери бу ҳақда оғиз ҳам очилмади.

Салли Манех, 48 ёш:

3 ёшимда суннат қилишди мени. Менга уқтиришардики: Менинг онам ҳам суннат қилинган, мен ҳам. Энди сен ҳам суннат қилинасан. Бизда болаларга изоҳ берилмайди. Оила ҳақ деб билинади.

Икки нарсага хурсанд бўламан. Биринчиси, оиламизда суннат қилинганларнинг бирортаси ҳам ўлиб қолмади. Иккинчисини эса телевизорда кўрдим. Қизларни суннат қилишни ман этишибди.

Эми Сове, 19 ёш:

“Мени ҳали бир ёшга тўлмасимдан суннат қилишган. Шунинг учун хотирлай олмайман. Бизга бу ҳақида кейинчалик мактабда изоҳ берилди. Кўп йиллар онам билан гаплашмай юрганман. Соғлиғимга келсак, оғриқлар мени бир кун бўлсин тарк этмаган. Энг ёмони опам билан содир бўлган. У жуда оғир вазиятда эди. Қон тез-тез кетарди. Мактабга боролмасди. Опам иккаламиздан хулоса чиқариб, онам сингилларимни суннат қилдирмади.

Халимату Сизай, 26 ёш:

Албатта, эслайман. У кунни унутиб бўлар эканми?! Бола эдим, 6 ёшда эдим. Катта зиёфатда эдик. Қўшнилар, қариндошлар ҳам бор эди. Бундай зиёфатни болалик онгим билан фарқлай олмасдим. Онам безовта эди. Битта қизни ичкарига кўпчилик олиб кириб кетди. Ичкаридан у қизнинг чинқираб йиғлаганларини эшитиб ўтирардим. Маросим бошланганди. Бизни суннат қилишди. Бу ҳодиса ҳаётимда бурилиш ясаган.

Мактабда ўқиб юрган кезларимда Гамбияда қизларни суннат қилишга қарши кураш бошлаган ёшлар ташкилот тузиб олишди. Улар бундай ҳодисаларнинг олдини олиш учун қўлларидан келган барча ишни қилишга тайёр эдилар. Мен англаб етдимки, менинг ўрним уларнинг сафида. Шу тариқа, мана, журналистман. Бир неча йил олдин қизлар суннатига қарши қаратилган ҳужжатли фильм ҳам суратга олганман.

Эми Келлой, 38 ёш:

Мен суннат қилинганимда 12 ёшда эдим. 12 ёшда сунат, буни тасаввур этяпсизми? Ортиқ изоҳ керак эмас. Сал ўтмай мени эрга бериб юборишди. Мен уззукун оғриқлардан қутулолмас, касалманд эдим. Эрим ҳам ногирон эди. Ногиронлар аравасида юради. Бизни тақдир мажбур қилди ажралиб кетишимизга. Олтита қизим билан яшайман. Уларнинг бирортасини ҳам суннат қилдирмаганман. У пайтлари ҳали қонун чиқмаганди аёллар суннатига қарши. Мен ўзим урф-одатларимизга қарши чиққанман. Мен суннат қилинган пайтдаги кийимларимни ҳалигача асрайман.

Иггеҳ Сове, 18 ёш:

Онамдан нафратланаман...”

Бинта Бах, 39 ёш:

Мен эслолмайман қандай суннат қилинганимни. Жуда кичкина бўлганман. Токи катта бўлгунча, ўзим она бўлгунча бу ҳақда тушунмасдим. Жиддийроқ ўйлаб ҳам кўрмасдим. Аммо 10 йил аввал бувим қизимни суннат қилганидан сўнг кўзим очилган. Агар ўшанда бувим шундай қилмаганида, ҳозир қизим 17 ёшга тўлган бўларди”.

Фату Бах, 31 ёш:

Мени узоқ бир қишлоққа олиб боришди. Элас-элас эслайман. Ёнимда онам бор эди. Биз кечикиб борган эканмиз. Мени икки кундан сўнг суннат қилишди.

Азобли кунларим, изтиробли ҳаётим эрга текканимдан сўнг бошланди. Эрим билан тўшакда бирга бўлиш учун, болаларимни дунёга келтириш учун жаҳаннам азобларига дош бериб яшадим. Ҳозир радиода ишлайман. Қайта ва қайта шу мавзуга тўхталаверамиз, тўхталаверамиз.

 

Киритилди: 16:21 23.07.2018. Ўқилди: 302944 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!