“Китобсевар миллат” шиори остида юртимиз бўйлаб ташкил этилган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида Бўстон туманидаги 48-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг бир гуруҳ ўқувчилари Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказига таклиф қилиндилар. Бўстон туманлараро иқтисодий суди раиси Сардор Умаралиев ташаббуси билан ташкил этилган тадбир давомида йигит-қизлар айни даргоҳда китобхонлар учун яратилган замонавий шарт-шароит ва қулайликлар билан яқиндан танишдилар.
Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг тўртинчи устувор йўналиши айнан таълим соҳасини, инсон капиталини ривожлантиришга қаратилганлиги барчамизга маълум. Шундай экан, юрт тараққиётига ҳисса қўшиш, жумладан, ёшлар таълим-тарбиясига, уларнинг пухта билим эгаллашларига кўмаклашиш ҳар бир соҳа вакили учун муҳим вазифадир.
Тадбир доирасида ўқувчилар кутубхона аъзолигига қабул қилинди, шунингдек, зиё маскани маъмурияти томонидан ташкил этилган викторина ўйинларида уларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
Шу куни йигит-қизлар вилоят ўлкашунослик музейидаги экспонатлар билан ҳам танишдилар. Мароқли тадбирлар якунида суд раиси томонидан уларга бадиий адабиётлар туҳфа қилинди.