Москва Қизил денгиз соҳилида ўзининг ҳарбий-денгиз базасини қуриш мақсадида Судан ҳукуматига С-400 зенит-ракета тизимини таклиф этган, аммо Судан бу таклифни АҚШ ва Ғарб давлатларининг салбий муносабатидан қўрққани учун рад этган. Бу ҳақда The Moscow Times Судан разведкаси ходимига таяниб хабар берди. Нашр маълумотларига кўра, бу маълумотни икки нафар АҚШ амалдори ҳам тасдиқлаган.
Суриядаги вазият, хусусан Башар Асад ҳукумати ағдарилиши сабабли, Россия учун янги ҳарбий-денгиз базаси қурилиши алоҳида аҳамият касб этмоқда. Кремль ҳозирда фуқаролик уруши ҳолатида бўлган Судан ҳукуматига қўллов кўрсатишига қарамай, икки давлат ҳозирча бу масалада келишувга эришгани йўқ. Шу билан бирга, The Moscow Times маълумотларига кўра, Судан ва Москва ўртасида Россия қуроли ва нефт маҳсулотларини сотиб олиш бўйича келишувлар мавжуд. Хусусан, нефть маҳсулотлари етказиб бериш қайта тикланган: апрелдан октябргача Россия Суданга 2,8 миллион тонна ёқилғи экспорт қилган, бу мамлакатнинг умумий импортининг қарийб ярмига тенг.
Россия ҳарбий-денгиз базасини Порт-Суданда қуриш масаласи 2019 йилда муҳокама қилинган ва давлатлар ўртасида тегишли келишув имзоланган. Аммо Суданда фуқаролик уруши бошланганидан кейин бу келишув ратификация қилинмаган.