Солиқ қўмитаси Ахборот хизмати хабарига кўра, қўмита "ДаврОн" деб номланган виртуал ёрдамчини ишга туширди. У ai.soliq.uz манзилида жойлашган.
"ДаврОн" – самимий ва профессионал маслаҳатчи сифатида солиқ ва солиққа тортиш масалаларида маълумотлар ҳамда персонал маслаҳатлар бера олади, ўзбек, рус ва инглиз тилларида самимий мулоқот қила олади.
Мазкур ёрдамчи 3 ой давомида яратилди, уни такомиллаштириш жараёни узлуксиз давом эттирилади. Шу мақсадда Солиқ кодекси, Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, меъёрий ҳужжатлар ва йўриқномалар, шунингдек, солиқ органларининг cалл-марказига келиб тушаётган онлайн-НКТ, ЭҲФ, электрон рақамли имзо, электрон ҳисоботлар, маркировка ва бошқа хизматларга оид саволларга жавобларни ўз ичига олган 11 млн белгидан иборат билимлар базаси қамраб олинди.