Хитой Европани кўп қутбли дунёнинг мустақил қутби деб билади ва Европа Иттифоқининг стратегик автономияни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда пайшанба куни Хитой раиси Си Цзиньпин Франция президенти Эммануэль Макрон билан телефон орқали мулоқоти чоғида маълум қилди.
"Хитой ҳар доим Европага кўп қутбли дунёнинг мустақил қутби сифатида қараган, Европа Иттифоқининг стратегик автономия ва халқаро ишларда янада муҳим ролини мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, шунингдек, Европа томони билан биргаликда глобал муаммоларга қарши туришга ва иккала томон учун ҳам, бутун дунё учун ҳам фойдали бўлган кўпроқ натижаларга эришишга тайёр," - дея Хитой раҳбарининг сўзларини келтиради Синхуа агентлиги.
Суҳбатда Си Цзиньпин бу йил Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланаётгани, Хитой ва Франция эса урушдан кейинги халқаро тартибни яратувчилар қаторига киришини таъкидлади. "Ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, БМТнинг обрўси ва мақомини биргаликда ҳимоя қилиш, халқаро савдо қоидалари ва жаҳон иқтисодий тартибини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ҳақиқий кўп томонламаликни ҳаётга татбиқ этиш лозим. Халқаро вазият қанчалик мураккаб бўлса, Хитой ва Франция учун тўғри стратегик танлов қилиш, халқаро тартибни ҳимоя қилувчи ишончли куч ва глобал ўсишга ҳисса қўшувчи очиқ куч, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликни етакловчи прогрессив куч сифатида биргаликда ҳаракат қилиш шунчалик муҳимдир," - деди ХХР раиси.
"Синьхуа" агентлигининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий масалалар, жумладан, Украина инқирози, Фаластин-Исроил можароси ва Эрон ядро дастури бўйича чуқур фикр алмашган.