«Ўзбеккино» Миллий агентлиги, «Ҳужжатли фильмлар киностудияси» ДУК режиссёр Мурод Одиловнинг «Ҳаёт қайиғи» номли ҳужжатли фильмини тақдим этади. Бу ҳақда «Ўзбеккино» МА матбуот хизмати маълум қилди.
Мазкур фильмда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилинади.
«Алвидо, болалик!», «Сўнгги ўқ», «Мурдалар гапирмайдилар», «Чархпалак», «Талваса», «Шайтанат», «Ов», «Умидлар дашти», «Иблис девори» каби бир биридан қизиқарли, инсонни ватанпарварлик руҳида тарбияловчи, турли жиноятлар жараёнини қандай салбий оқибатларга олиб келишини баён қилувчи, жамиятни жиноятчиларсиз равнақ топишини орзу қиладиган асарлар муаллифи Тоҳир Маликдир.
Тоҳир Малик халққа яқин бўлганининг яна бир сири у – ҳазил-мутойибани хуш кўради. Бир қатор ҳажвий асарлари, кулгилари билан ўқувчиларга завқ-шавқ улашади. Адибнинг, айниқса болаларга меҳри ўзгача. Шу боисми, унинг асарларида болаларча беғуборлик, бағрикенглик, самимиятни ҳам илғаш мумкин. Филмда Тоҳир Маликнинг ана шу хислатлари очиб берилган.
Давомийлиги 26 дақиқа бўлган фильм премьераси Алишер Навоий номли кино саройида 30 июль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Manba: xs.uz