Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида поёнига етиб бораётган "Superbet Chess Classic Romania" турнирида 10 нафар шахматчи иштирокидаги мусобақанинг тўртинчи кунида ҳам томонлар муроса йўлини танлади.
Кеча ўтказилган 8-турда Нодирбек Абдусатторов руминиялик Богдан-Даньел Дяк билан оқ доналарда куч синашди.
Деярли олти соат давом этган ўйинда Абдусатторов ғалабага яқин келди. Бироқ мусобақа низомига мувофиқ белгиланган вақт имкониятидан фойдалана олмаслик оқибатида томонлар дурангга имзо чекди.
Бугун, 5 июль куни халқаро турнирнинг сўнгги турида ҳамюртимиз қора доналарда тажрибали Ян Непомняший билан рўбарў келади.
Тўрт кунлик дуранглар вазиятида АҚШ вакили Фабиано Каруана 5 очкога эга бўлган ҳолда етакчиликни давом эттираётган бўлса, Доммаражу Гукеш, Алиризо Фирузжа ва Рамешбабу Праггнанандҳа 4,5 очко билан уни тақиб этмоқда.
Бугун ўтказиладиган 9-тур ўйинларида Аниш Гири – Фабиано Каруана, Уэсли Со – Доммаражу Гукеш, Богдан-Даньиел Дяк – Рамешбабу Праггнанандҳа куч синашади.
Айнан ушбу тур ғолибни аниқлаш билан бирга 359 минг АҚШ долларининг ўринлар ўртасидаги тақсимотида кимларга қанча миқдори насиб этишига ҳам ойдинлик киритади.