Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Шаҳрам Ғиёсовнинг танқидларига Баҳодир Жалолов ва терма катта жамоа мураббийи Раҳматжон Рўзиохуновнинг жавоби

Шаҳрам Ғиёсовнинг танқидларига Баҳодир Жалолов ва терма катта жамоа мураббийи Раҳматжон Рўзиохуновнинг жавоби

Профессионал боксда фаолиятини давом эттираётган Шаҳрам Ғиёсовнинг ўзбек бокси ҳақидаги фикрлари кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ғиёсов «Зўр ТВ» телеканалидаги чиқиши вақтида Ўзбекистон бокс терма жамоаси Рио Олимпиадасидаги муваффақиятни қайтара оладими деган саволга қуйидагича жавоб қилганди.

«Бу ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Лекин бундай авлоднинг яна келиши... Бундай авлод, бунақа натижа такрорланиши қийин. Бўлиши мумкин, бироқ ҳозирда қийин. Бунинг учун аҳиллик бўлиши керак. Ўша йилги аҳиллик, йигитлар ва мураббийларнинг бир-бирига бўлган муҳаббати. Буни ҳозирда ҳеч кимда кўрмаяпман.

Очиғини айтаман, ўша вақтдаги муҳаббатни на йигитларнинг, на мураббийларнинг кўзида кўрмаяпман. Бизда бирлик бор эди, ҳозирда бирлик йўқолган», — дейди Ғиёсов.

Ғиёсовнинг бу гапларига терма жамоа сардори Баҳодир Жалолов ва терма катта жамоа мураббийи Раҳматжон Рўзиохунов «Севимли ТВ»га берган интервьюсида муносабат билдириб ўтган.

«Мен унинг бу гапларига умуман қўшилмайман, ноўрин гаплар айтилди. Балки, билмай гапириб қўйгандир. Аммо жамоада аҳиллик масаласида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. Аксинча, аввалгига қараганда ҳозирги устозларимиз аҳилроқ.

Токио Олимпиадасида 8 та вазн тоифасида қатнашамиз, агар иккита олтин медал қўлга киритсак ҳам аввалги Олимпиада рекордини такрорлаган бўламиз», — дейди Жалолов.

Рўзиохунов ҳам Шаҳрамнинг сўзларини кескин рад этди.

«Шаҳрам Ғиёсов ўзимизнинг шогирд, уни жуда ҳурмат қиламиз, яхши кўрамиз, мухлислик қиламиз. Ички муҳит қандай эканини билиш учун терма жамоа ичида бўлиш керак. Терма жамоамиз вакиллари бир-бири билан жуда аҳил, ўша мураббийлар, ўша-ўша шогирдларимиз ва уларнинг укалари.

Ҳозир у (Ғиёсов) тепада, балки, тепадан унга шундай кўринаётгандир. Биз эса пастроқамиз. Шу сабаб озгина пастга тушиб, ёнимизда юрса, терма жамоамиздаги ҳолатни кўради. Балки, камчиликларимиз бордир. У ҳам катта йигит бўлиб қолди, ёнимизга келиб хатоларимизни кўрсатиб берса, биз ҳам шунга яраша хулоса чиқарар эдик», — дейди Рўзиохунов.

 

 

Киритилди: 18:23 30.10.2020. Ўқилди: 6076 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!