Сахалин вилоятининг Северо-Курилск шаҳрида бензин сотувига лимитлар белгиланди, деб ёзмоқда "Meduza".
Маҳаллий маъмурият буни "сўнгги кунларда ёқилғи қуйиш шахобчаларида аҳоли ўртасида асоссиз шов-шув кузатилгани" сабабли олдини олиш чораси деб атади. Маъмурият шаҳарда ёқилғи танқислиги йўқлигини, етказиб бериш ишлари "қатъий режа графиги бўйича" амалга оширилаётганини маълум қилди.
Северо-Курилскда бензин сотуви вақтинча битта машинага 20 литр қилиб чекланди, ёқилғини канистраларга қуйиш тақиқланди.
Северо-Курилск Парамушир оролида жойлашган. Ёқилғи у ерга денгиз орқали етказилади. Навбатдаги ёқилғи юки келгуси ҳафтада келиши кутилмоқда, шундан сўнг бензин лимитини машинага 30 литргача ошириш ваъда қилинмоқда.