Олий Мажлис Сенатининг 5 феврал куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Миллий ахборот агентлиги бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов сўзга чиқиб, Ўзбекистон ҳар қандай ташқи таҳдидларга ўз ўрнида жавоб қайтариши лозимлигини билдирди.
"Карвонимизга таҳдид қиладиган ҳар қандай кучга, акиллаган ҳар қандай лайчага қарши ўз жойида жавоб беришимиз, попугини пасайтириб қўйишимиз шарт! Бизни бошқалар тан олишига мажбур қилишимиз керак", — деди сенатор.
Кўчимов дунёда бир-биридан чигал тугунлар кўпайиб бораётгани, улар орасидан “бамисоли бомба кўмилган майдонда юргандек юриш нақадар оғирлиги”, дунёнинг бугунги қоидалари кескин ўзгариб бораётганини таъкидлади.
"Зўравон сиёсатчилар, айрим зўравон арбоблар, бамисоли муз устида рақс тушаётган раққослар сингари бир дақиқадан кейин қайси томонга бурилишини, қайси томонга шох ташлашини ҳеч ким билмайдиган бир замонда юриш, бу ҳеч биримизни бир дақиқа ҳам хотиржам бўлишга йўл қўймайди", — деди. у.
Эслатиб ўтамиз, январда россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Россия Украинада бўлгани каби Арманистон ва Марказий Осиё давлатларида ҳам “махсус ҳарбий операция” бошлаши кераклиги ҳақида гапирганди. Жамоатчилик расмийлардан қатъий муносабат билдиришни сўраб, Марказий Осиё давлатлари биргаликда нота бериши кераклигини таъкидлади.
Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова бу Соловьёвнинг сўзларини “шахсий фикр” деб атади.
Кейинроқ россиялик файласуф Александр Дугиннинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ давлатлари Россия билан иттифоқ таркибига кириши кераклигини айтиб чиқиш қилди. "Суверен Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон мавжудлигига рози бўлиш мумкин эмас. Улар ё бизнинг лагерда бўлади, ёки Ғарб ё Хитойнинг плацдармига айланади", — деганди у.