Ўз навбатида, бюджет интизомини кучайтиришга қаратилган келгуси йил учун маҳаллий бюджет лойиҳасини кўриб чиқиш ва қабул қилиш, бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда муҳокама қилиш ва тасдиқлаш, маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағдан мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш каби вазифаларни амалга ошириш жойлардаги ҳокимият вакиллик органларидан жиддий масъулият талаб этади.
Олий Мажлис Сенати ишчи гуруҳи ҳудудларда маҳаллий кенгаш депутатларининг бюджет жараёнидаги фаол иштирокини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида Жиззах вилоятининг Бахмал туманида халқ депутатлари Бахмал тумани кенгаши депутатлари билан мулоқот ўтказди.
Таъкидлаш жоиз, 2020 йилдан буён Олий Мажлис Сенатида бевосита маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокида ҳудудда аҳолини узоқ йиллардан буён ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар шакллантирилиб, республика бюджетида уларни акс эттириш бўйича чораларни кўриш амалиёти шакллантирилган.
Умумий ҳисобда 2020 йилдан буён республика бюджетидан ҳудудлардан келиб тушган таклифлар асосида 11 триллион сўмга яқин маблағ ажратилишига эришилди.