Ўзбекистон Республикаси Экология вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Озарбайжонга пресс-тур ташкил этилди. Пресс-тур давомида журналистлар “Sea Breeze” компаниясининг Боку шаҳридаги фаолияти билан яқиндан танишдилар ва унинг халқаро экологик стандартларга қай даражада мос келиши ўрганилди.
“Мен "Sea Breeze" нинг Озарбайжон, Ўзбекистон, Черногория ёки Қозоғистон каби кўплаб давлатларда энг яхши экологик лойиҳа бўлишини истайман. Шунинг учун лойиҳани тоза пляжлар, боғлар, бульварлар, сифатли инфратузилма ва коммуникациясиз тасаввур қила олмайман. Мен қурилаётган ҳар бир нарса нафақат чиройли, балки барқарор ва минтақага фойда келтирадиган бўлиши керак”, — деди "Sea Breeze" асосчиси Эмин Агаларов.
Маълумот учун, Озарбайжонда "Sea Breeze" ҳар бир қурилиш босқичида экологик экспертизадан ўтади. Сув ва тупроқ мунтазам таҳлил қилинади, барча муҳандислик тизимлари назорат остида. 2024 йилда курорт марказлаштирилган канализация тизимига уланди ва фақат "Sea Breeze" эмас, балки 50 км соҳил ҳудуди ва унинг атрофидаги туманларни ҳам қамраб олди. Илгариги пайтларда бу ҳудудда юздан ортиқ маҳаллий тозалаш иншоотларидан фойдаланилган. Ҳозирда ичимлик суви марказлашган манбалардан олинади, чиқинди суюқликлар эса замонавий коллекторлар орқали йўналтирилади — бу эса денгизни ифлосланишдан муҳофаза қилмоқда.
Лойиҳанинг асосий хусусиятларидан бири — қурилиш чизиғининг қирғоқдан 400–500 метр узоқликда жойлашгани бўлиб, бу жамоатчилик учун кенг соҳил ҳудудини сақлаб қолиш имконини беради. Рухсат этилган 50 метрлик минимал масофанинг ўрнига боғлар, сайр йўлаклари, ресторанлар ва ҳамма учун эркин кириш мумкин бўлган соҳил ҳудудлари яратилган. Айни шу ёндашув Чорвоқда ҳам татбиқ этилиши кўзда тутилмоқда.
Эмин Агаларов Чорвоқда барча соҳил ҳудудларидан оқова суларни йиғиб, тозаловчи ягона ҳалқа коллектори қуришни таклиф қилди. Бу нафақат курорт учун қулайлик яратади, балки бутун ҳудуднинг ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Экология вазири Азиз Абдуҳакимов экологик барқарорлик тамойиллари асосида қурилаётган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилayotganини таъкидлади.
“Ўзбекистонда туризм бизнесини ривожлантиришга қизиққан ҳамкорларнинг экологик ёндашувларга ("Green Based Solutions") содиқлиги биз учун муҳим. Экологик стандартларга мувофиқ равишда комплекс амалга ошириладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. "Sea Breeze" лойиҳаси ташаббускори лойиҳанинг барча босқичида халқаро ва маҳаллий мутахассислар тавсияларига амал қилишга тайёр эканлигини тасдиқлади. Лойиҳада сув ресурсларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилиш, хавф-хатарлар ва уларнинг олдини олиш стратегиясини баҳоловчи малакадор эксперт хулосасини олиш катта аҳамиятга эга”, — деди вазир.
Пресс-тур давомида "Sea Breeze" лойиҳаси доирасида мустақил экспертлар иштирокида халқаро экологик кенгаш ташкил этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Кенгаш жамоатчилик фикри, баҳоси ва ҳудуд мониторинги билан шуғулланади. Экология фанлари бўйича фалсафа доктори, “ЭкоСфера” ижтимоий-экологик маркази раҳбари ва Озарбайжон “Яшил тармоғи” асосчиси Фирўза Султонзода хорижлик мутахассислар баҳолаш ва мониторингда иштирок этишини, бу эса ҳар бир босқичда шаффофлик ва жавобгарликни таъминлашини айтди.
“Лойиҳа барча экологик меъёрларга мос тарзда амалга оширилса, Марказий Осиёда “яшил” туризм ва барқарор ривожланиш учун намунавий модель бўлиши мумкин. Натижада иш ўринлари яратилади, инфратузилмага сармоя киритилади ва Чорвоқни асраш зарурлигига эътибор қаратилади”, — деди у.
Лойиҳага кўра, Чорвоқ ҳудудида барқарор зоналаштириш модели амалга оширилади — яшил мувозанатни сақлаш ва тиклаш, дарахтларни рўйхатга олиш, кўчириш ва экиш, янги яшил коридорлар яратиш режалаштирилган. Экологик сертификатга эга қурилиш материаллари ва ҳудуд ландшафти ҳамда иқлимига мос энергия тежовчи технологиялар қўлланилади. Очиқ жамоат майдонлари, экологик йўналишлар, бульварлар ва соҳилбўйи масканлари яратилади.