Вашингтон ва Ар-Риёд ўртасида атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича келишув Саудия Арабистонига уранни 20 фоизгача бойитиш имконини бериши мумкин.
Бу ҳақда The Wall Street Journal АҚШ Конгресси кўриб чиқиши учун юборилган ҳужжат матнига таяниб хабар берди.
Нашрнинг қайд этишича, келишув Саудия Арабистони ҳудудида уранни бойитишга автоматик тарзда рухсат бермайди. Бироқ ҳужжатда бир неча босқич назарда тутилган бўлиб, улар бир неча йил ичида уранни бойитиш объектини ишга тушириш имконини яратиши мумкин.
Келишув шартларига кўра, икки йил давомида АҚШ ва Саудия Арабистони расмийлари уранни бойитишнинг «иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги»ни ўрганади ҳамда ядровий қурол тарқалиши билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқади.
Агар томонлар уранни бойитиш зарур, деган хулосага келса, АҚШ компаниялари хорижий ҳамкорлари билан биргаликда уранни 5 фоизгача бойитиш имконини берадиган объект қуради.
Кейинчалик эса бойитиш даражаси 20 фоизгача яқинлашиши мумкин, деб ёзмоқда The Wall Street Journal.
Нашр, шунингдек, келишув матнида Саудия Арабистонидан Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш ёки «Иброҳим келишувлари»га қўшилиш талаб қилинмаганини таъкидлади.