Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги «заправка»да ёнғин содир бўлаётгани акс этган видеотасвирлар кенг тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Билдирилишича, бугун, 5 май куни соат 11:13 да Самарқанд шаҳар Буюк Ипак йўли кўчасида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлган.
Мазкур ҳолат юзасидан ёрдам зарурлиги тўғрисида вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига мурожаат келиб тушган. Ушбу хабарга асосан 5 та қутқарув бўлинмаси соат 11:18 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 11:30 да ўраб олинган ва соат 11:50 да тўлиқ ўчирилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар аниқланмаган. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.