2018 йил 23 июль куни ОАВда Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлган эди.
Мазкур иш Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган.
ЎзАнинг ёзишича, ҳолат ўрганилганида, Самарқанд шаҳар суди ҳукмига кўра, мактаб раҳбарлари узоқ муддатга қамалган эдилар.
Садиновлар иши Самарқанд вилоят судида апелляция тартибида қайта кўрилди. Вилоят суди ишни узоқ ўрганиб, барча жабрланувчилар ва гувоҳлар, шунингдек, қўшимча гувоҳлар ҳам сўроқ қилинди.
Суд давомида Самарқанд шаҳар суди шошма-шошарлик билан иш кўргани, кўп камчиликларга йўл қўйгани ошкор бўлди ва 64-махсус мактаб-интернати директори Шуҳрат Садинов, тарбиячилар Ш.Очилов ва З.Салимовлар суд залидан озод қилинди.