Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманида 11 декабрь куни боғча ва газ заправкада ёнғин чиқди.
Вилоят ФВБ матбуот хизматининг хабар қилишича, соат 20:40 да “Амир Темур” маҳалласида жойлашган мактабгача таълим муассасаси биносида ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар берилган. Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилиниб, воқеа жойига соат 20:43 да етиб бориб, соат 21:55 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин натижасида мактабгача таълим ташкилоти биносининг шифт ва том қисми ёниб зарарланган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби анқланмоқда.
Шу куни соат 21:00 да Гўзалкент қўрғони “Гўзалкент” маҳалласида жойлашган автомобилларга суюлтирилган ва сиқилган газ қуйиш шохобчасида ёнғин содир бўлгани тўғрисида туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига хабар берилган.
Шунга кўра, 5 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб қилиниб, воқеа жойига соат 21:27 да етиб бориб, соат 21:50 да тўлиқ бартараф этилган. Шохобчада суюлтирилган газ ёқилғиси (пропан) тўкиб олиш жараёнида технологик жараёнларни бузилиши натижасида винтелда газнинг локал ёниш содир бўлган.
Ёниш натижасида бино-иншоатларга ва техника воситаларига зарар этмаган. Ҳодиса оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилмоқда.