Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Самарқандда аёлларга уйланиб, пулларини ўмариб кетадиган фирибгар қўлга тушди

Самарқандда аёлларга уйланиб, пулларини ўмариб кетадиган фирибгар қўлга тушди

Шалола ва Ҳабибулло (исм-шарифлар ўзгартирилди) Пай­ариқ шаҳарчасидаги тўйхонада танишиб қолишади. Улар дастлабки пайтларда кун-куноро телефон орқали гаплашиб туришарди. Кейинчалик муносабатлари қалинлашиб, шаръий никоҳ асосида турмуш қуришади.

Табиийки, бирга яшаш учун уй-жой керак. Ҳабибуллонинг «Баҳрин қишлоғидан номингга уй-жой қуришга ер сотиб оламиз», деган таклифи Шалолага маъқул тушади. Шу тариқа 2018 йилнинг июнидан — октябрь ойига қадар Ҳабибулло уй-жой қу­риш учун ер сотиб олишини айтиб, Шалоланинг 6 миллион сўм маблағини қўлга киритади.

Бироқ орадан анча вақт ўт­са-да, уй-жой масаласи ҳал бўлмайди. Шалола бу ҳақда гап очганида, Ҳабибулло турмуш ўртоғи бетоблиги, икки нафар вояга етмаган фарзандининг ташвиши ҳам зиммасида экани, шулардан ортмаётганидан ёзғиради.

— Уй-жой ҳам бир гап бўлар, — дейди Ҳабибулло бир гал. —Ундан олдин тўй қилишимиз керак. Бусиз қўни-қўшнилар олдида ноқулай аҳволга тушаяпман…

Бу гапдан сўнг тўйхонада уларнинг тўйи бўлиб ўтади. Тўй­нинг эртаси куни Ҳабибулло «ишга кетяпман» деганча бу ерда бошқа қорасини кўрсатмайди.

Тўй харажатларини ҳам ўзи­ тўлаган Шалола алданганини анг­лаб етган пайтда Ҳабибулло бошқа бир жувонни тузоғига илинтириш, унинг бойликларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш илинжида янги ҳийлани қўллаш билан овора эди…

Ҳабибулло Шалола билан тў­йи бўлишидан бироз аввал «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Навбаҳор исмли жувон билан тасодифан танишиб қолган эди. Турмушидан ажрашган, ўғ­ли билан ота-онасиникида яшаётган Навбаҳор ўзи­ни Самар­қанд вилояти ҳокимлигининг иқтисо­диёт­ бўлимида ишловчи масъул ходим деб таништирган Ҳабибуллонинг алдовига тез учади.

Аниқроғи, Ҳабибуллонинг беш йил олдин хотинининг вафот этгани, Аъзамжон исмли ёлғиз ўғли Тошкент шаҳрида футбол-интернат мактабида ўқиётгани, отаси оғир хасталикка чалингани боис онаси уни хориж давлатига даволатишга олиб кетгани каби ёлғон дийдиёларини эшитгач, Нав­баҳорнинг сўққабош эркакка раҳми келиб кетади. Шу боис Ҳабибуллонинг турмуш қуриш ҳақидаги таклифига узоқ ўйлаб ўтирмай рози бўлади. Шаръий никоҳ асосида улар Навбаҳорнинг қариндошларидан бирининг қўшни қишлоқдаги бўш тур­ган ҳовлисида яшай бошлашади.

Самарқанд шаҳридаги олий таълим муассасаларидан бирида сиртдан ўқиётган Навбаҳор шартнома пулини тўлаши учун пластик картасига иш ҳақидан 5 миллион 300 минг сўм йиғиб қўйганини билиб қолган Ҳабибулло шартнома тўловини бирон-бир фермер хўжалиги ҳисобидан ўтказиб беришни ваъда беради.

Унинг гапларига ишониб, плас­тик картани берган Нав­баҳорга 300 минг сўмни қайтарган Ҳабибулло 5 миллион сўмни ўз эҳтиё­жи учун сарфлаб юборади. Шундан сўнг уйга келмай қўяди. Бу Навбаҳорнинг кўнг­лида шубҳа-гумон уйғотади ва Ҳабибулло ҳа­қида суриштира бошлайди. Лекин тайинли маълумот тополмайди. Шу орада Навбаҳор уй-жой масаласида туман хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилади. Туман ҳо­кимлиги уни ўрганиб чиқиб, Навбаҳорга тиббиёт коллежининг бўш турган ётоқхонасидан яшаш учун учта хона ажратиб беради.

Навбаҳор ўғли билан янги жойга кўчиб ўтганда кутилмаганда Ҳабибулло пайдо бўлади ва улар яна бирга яшай бошлайди…

Самарқанд шаҳрида яшовчи Али Нуримов Пайариққа келиб, новвойлик билан шуғулланаётган эди. У оиласи билан ижарада яшарди. Бир гал йўловчи машинада Самарқанддан Пайариққа келаётганида у Ҳабибулло билан танишади. Танишувга Ҳабибуллонинг уй-жойдан гап очгани сабаб бўлади.

— Агар озгина пулингиз бўл­са, мен сизга янги уй олиб бе­ра­ман, — дейди Ҳабибулло суҳ­батдошининг ижарада яшаётганини эшитгач. — Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Элбек Бердиқулов яқин ўртоғим бў­лади…

Ҳақиқатан ҳам, ўша кезлари туманда икки қаватли уйлар қу­рилаётган эди.

Али Нуримов Ҳа­бибуллонинг таклифига ўй­лаб-нетиб ўтирмай рози бўлади.

Савобталаб, ҳимматли ян­ги танишининг топшириғи бўйича ўзининг уй-жой йўқлиги ҳақида маълумотнома, ўзи ва оила аъзоларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаларини олиб келиб беради.

«Уйнинг бошланғич нархи 28 миллион сўм бўлади. Қолгани учун банкдан сизга ўн уч йилга кредит маблағи олиб бераман», деб ваъда берган Ҳабибулло 10 миллион сўмни туман ҳокимининг ўринбосари Э. Бердиқуловга бериш зарурлигини айтади. Янги уй олиш илинжидаги Али пулни Ҳабибуллонинг қўлига тут­қазади.

Икки кундан сўнг Ҳабибулло Алига уйнинг коммунал тўловларни қайд этиш дафтарчаси ва банкнинг тўлов жадвалини бериб, қолган 18 миллион сўм­ни та­­лаб қилади. «Ўн бешинчи март­га­ча янги уйга кў­чиб ўтасиз» деган ваъдага ишонган Али қариндошларидан 18 миллион сўм қарз олиб, Ҳабибуллога беради.

Кейинги куни «ҳожатбарор» Ҳа­бибулло Али билан учрашиб, «уйники» деб қўлига уч дона калит беради ва янги уйни «ювиш» учун Алининг ижарадаги уйида меҳмон бўлади.

Эрталаб Ҳабибулло Алига «тушдан сўнг қурувчи билан бирга уйингни кўрсатаман» де­ганча жуфтакни ростлайди. Ҳабибулло келмагач, Али янги қурилаётган уйларга бориб, ҳамма эшикка қўлидаги калитларни солиб кўради. Лекин улар биронта эшикка тўғри келмайди. Чунки уйнинг ўз эгаси бор эди…

Аслида Ш. Жалилова ва Н. Ғаниевага шаръий йўл билан уйланиб, бирини олти, иккинчисини беш, фуқаро А. Нуримовни эса, йигирма саккиз миллион сўмга «чув» туширган бу кимса Пайариқ туманининг Гулистон қишлоғида яшовчи Қаҳрамон Хушназаров эди.

Бирон жойда тайинли ишламаган Қ. Хушназаровнинг фириби ортидан азият чекканлар фақат номлари тилга олинган жабр­ланувчилар эмас. Қаҳрамон бошқаларни ҳам лаққиллатган экан. Улар пешона тери билан топган пулларини фирибгарнинг қўлига тутқазишганини жу­да кеч билишди.

Алдов ва фирибнинг умри қисқа. Қаҳрамон Хушназаровнинг қилмишлари ҳам вақти келганда фош этилди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, иши терговга оширилди. Дастлабки тергов чоғида Пайариқ тумани ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Э. Бердиқулов Қаҳрамон Хушназаровни умуман танимаслиги, унинг қилмишларига мутлақо алоқаси йўқлигини маълум қил­ди.

Суд судланувчи Қ. Хушназаровни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди ва 28, 211-моддаси 2-қис­ми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ҳукмда судланувчидан жабр­ланувчиларга етказилган зарарни ундириш қайд этилди.

Хуллас, устамон алдоқчининг фирибгарлик қилмишлари суд­нинг қонуний ва адолатли ҳукми билан якун топди. Аммо фирибгарнинг тегирмон тоши айланишига жабрланувчиларнинг ўта ишонувчанлиги сабаб бўлганини ҳам қайд этиш зарур. Демак, ҳар кимнинг гапига лаққа ишониб, чув тушиш огоҳлик белгиси эмас. Буни асло унутмаслик керак.

Муҳиддин ТЎХТАЕВ,

Самарқанд вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Киритилди: 10:51 23.03.2021. Ўқилди: 4468 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!