Бугун 5 май, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Саида Мирзиёева: "Саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим"

Саида Мирзиёева: "Саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим"

Ўзбекистон Республикаси Президенти адмистрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Samarkand Half Marathon”га бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосари Саида Мирзиёева, Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Ойбек Қосимов, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов, Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори ўринбосари Гаяне Умерова ва бошқа мутасаддилар ҳамда журналистлар иштирок этди.

"Бирлашган миллатлар ташкилоти маълумотига кўра, Ер юзи аҳолисининг 15 фоизи, яъни бир миллиарддан ортиқ инсоннинг у ёки бу кўринишдаги ногиронлиги бор. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги келтирган рақамларга кўра, 2019 йилда юртимизда 710 мингдан ошиқ имконияти чекланган шахс рўйхатга олинган.

Инклюзия — бу бутун жаҳонда илгари сурилаётган ижтимоий концепция. Унга кўра, саломатлигидан қатъи назар, ҳар бир одамга жамиятдаги моддий ва маънавий бойликлардан баҳраманд бўлишга ва ўзини намоён этишга имкон берилиши лозим", - деди Саида Мирзиёева.

Ярим марафон иштирокчиларини маданият муассасаларида инклюзив муҳитни шакллантириш бўйича халқаро тажрибага бағишланган бетакрор таълим дастури кутмоқда. Лойиҳадан санъатни адаптация қилишнинг турли усуллари, универсал дизайн ҳамда музей воситалари орқали ижтимоий-маданий реабилитация тўғрисидаги маърузалар ўрин олган.

Анжуманда қайд этилишича, ярим марафондан тушган маблағ Тошкент театрларидан бирига экспериментал лойиҳа учун сарфланади. Ушбу дастур бўйича спектакль тифлоизоҳ — аудиодескрипция ёрдамида саҳнада намойиш этилади. Бунинг учун зарур ускуналар харид қилинади, мутахассисларни ўқитиш ташкил этилади. 

Матбуот анжумани доирасида И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейи тўпламидан картиналар ва "Регистон" меъморий ансамблининг моделидан иборат тактил кўргазма ҳам ташкил этилди.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд ярим марафони 3 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.

Киритилди: 09:55 01.11.2019. Ўқилди: 2124 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!