Руминия Конституциявий суди жума куни президентлик сайловининг биринчи босқичи натижаларини тан олиш қарорини 2 декабрга қолдирди. Бу сайловолди ташвиқотига аралашиш гумонларини уйғотган овоз беришнинг кутилмаган натижасидан кейин юз берди.
Суд ўз қарорини якшанбага белгиланган парламент сайловларининг эртасига эълон қилади. Айни пайтда, биринчи турда берилган барча 9,46 миллион бюллетенни қайта санаш аллақачон бошланган. Мағлубиятга учраган консерватив номзодлардан бирининг сайлов натижаларини бекор қилиш ҳақидаги илтимоси ҳам кўриб чиқилмоқда.
Мустақил номзод, 62 ёшли Калин Жоржску якшанба кунги биринчи турда кутилмаганда ғалаба қозониб, 8 декабрга белгиланган иккинчи босқичга йўлланмани қўлга киритди. Экспертларнинг фикрича, унинг ғалабаси мамлакат сиёсий манзарасини тубдан ўзгартириши мумкин.
Жоржску 22,95 фоиз овоз олди, амалдаги Бош вазир, Социал-демократик партия раҳбари ва бу сайловнинг фаворити ҳисобланган Марсел Cиолаку эса 20 фоиздан сал кўпроқ овоз олди.
«Ўта ўнг» деган айбловларга қарамай, баҳсли номзоднинг карераси анъанавий равишда чап ва ўта чап сиёсатчиларга хос бўлган атроф-муҳит ва барқарор ривожланиш билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этиш билан тўла. Жоржску аввал Руминиянинг Барқарор ривожланиш миллий марказини бошқарган, бундан олдин эса БМТ Атроф-муҳит дастури миллий қўмитасида Руминия вакили бўлган. 2013-2015 йилларда Рим клубининг Европа тадқиқот марказига раҳбарлик қилган.
Руминия расмийлари сайлов кампаниясига «душман актёрлар»нинг аралашуви ҳақида далиллар борлигини айтмоқда.
Президентлик сайлови бўйича келишмовчиликлар туфайли юзага келган сиёсий ноаниқлик парламент сайловларига тайёргарлик кўриш даврига тўғри келди.
Айрим таҳлилчилар фикрича, президентлик ва парламент сайловлари натижалари Руминиянинг ички ва ташқи сиёсатига, жумладан, Европа Иттифоқи ва НАТО билан муносабатларига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.