Аввалроқ Трампнинг сиёсий ҳаракатидаги эҳтимолий ворис сифатида асосан Вэнс тилга олинар эди.
Сўнгги пайтларда Дональд Трамп ҳам Рубиони тез-тез мақтамоқда. Филиппинда бўлиб ўтган АСЕАН саммити чоғида у суҳбатдошларига мурожаат қилиб: «Марко сизларга қандай? У ўз ишини ажойиб бажармаяптими?» — дея савол берган.
Қайд этиш жоизки, 2016 йилда Рубио республикачилардан президентликка номзод бўлиш учун Трамп билан рақобатлашганида, Трамп уни масхараомуз тарзда «Кичкина Марко» деб атаган эди.
Айни пайтда Вэнснинг сиёсий фаолиятида ҳам айрим қийинчиликлар юзага келган. Оралиқ сайловларда республикачилар мағлубиятга учраганидан сўнг, у партиянинг муваффақиятсизлигини Трампнинг Эронга қарши уруши билан боғлаган. Бу эса президент атрофидаги айрим шахсларнинг норозилигига сабаб бўлган.
Шундан кейин Вэнс Эрон билан кейинги музокаралардан четлаштирилиб, унга АҚШ ичида коррупцияга қарши курашиш вазифаси юклатилган.
Бундай вазиятда республикачиларнинг бир қисми Рубиони 2028 йилги президентлик сайловларида иштирок этишга чақирмоқда. CNN маълумотларига кўра, унинг сайловларда қатнашиш эҳтимоли ҳақидаги муҳокамалар кучайган. Бироқ Рубионинг ўзи ҳозирча 2028 йилги сайловлар ҳақида очиқ гапиришдан бош тортмоқда.