Бугун 19 сентябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Россиянинг хорижда 180 млрд долларлик «соядаги захиралари» борлиги маълум бўлди

Россиянинг хорижда 180 млрд долларлик «соядаги захиралари» борлиги маълум бўлди

Ғарб давлатлари Россия Марказий банкининг музлатилган маблағларининг бир қисмини Украинага бериш йўлларини келишаётган, полиция эса олигархларнинг яхталари ва бошқа мол-мулкларини қидираётган бир пайтда Кремл чет элда миллий бюджетнинг ярмига тенг янги валюта захираларини тўплашга муваффақ бўлди, деб ёзади The Moscow Times.

Германия халқаро хавфсизлик тадқиқотлари институти илмий ходими Янис Клюгенинг Россия Марказий банки статистик маълумотлари асосида тайёрлаган таҳлилларига кўра, 2022 йил бошидан бери россиялик резидентлар чет эл ҳисобрақамларида 180 миллиард доллар тўплашга эришган.

Марказий банк томонидан эълон қилинган Россиянинг халқаро инвестиция позицияси тўғрисидаги маълумотларда ушбу маблағлар «бошқа инвестициялар», «ссудалар, қарзлар, нақд пул ва депозитлар», шунингдек, «бошқа қарзлар» сифатида қайд этилган.

Клюгенинг ёзишича, «соядаги захиралар» экспорт билан шуғулланувчи йирик компанияларнинг пуллари бўлиши мумкин: 2022 йилда Россия рекорд даражада хом ашё даромади (591,5 миллиард доллар) ва тўлов баланси профицини (227,4 миллиард доллар) олди — 2023 йилда бу камайган бўлсада, сезиларли даражада сақланиб қолган (118,3 миллиард доллар). Бундай ҳажмдаги валюта на Россия ҳисобрақамларига, на Марказий банкнинг санкциялар остидаги захираларга келиб тушган.

Хорижда тўпланган захира маблағлари Россия федерал бюджетининг (406 миллиард доллар) ярмига тенг, бу Марказий банкнинг бутун олтин захираси (188 миллиард доллар) билан таққосланади ва ўзининг валюта захираларидан деярли икки баробарга кўп. Марказий банк 613 миллиард долларлик олтин-валюта захирлари борлигини, уларнинг 369 миллиард долларини хорижий валюталар ташкил этишини маълум қилган — маблағларнинг 300 миллиард доллардан ортиқ қисми эса санкциялар сабаб музатилган. Регулятор ихтиёрида мавжуд маблағлар — бу 100 миллиард Хитой юанидир.

«Соядаги захиралар» ҳақида маълумот кам: улар қайси давлатларга, қандай валюта ёки активлар кўриниши жойлаштирилгани сирлигича қолмоқда. Ғарб давлатлари статистикасида бу маблағлар кўринмаяпти, шу боисдан Кремл валюталарни ўзига «дўст» деб ҳисоблайдиган мамлакатларга жойлаштирган. Булар Россия билан катта савдо дефицитига эга Туркия ёки Ҳиндистон бўлиши мумкин.

Клюгенинг таъкидлашича, «соядаги захиралар» нефт нархи тушиб кетса, экспорт даромадлари қисқарса, валюта оқими импорт учун тўловларни қопламай қўйса мамлакат иқтисодиёти учун ёрдамга келади. Уларнинг қанчаси ликвид ва қанчасини Россияга олиб кириш мумкин — номаълумлигича қолмоқда.

Россия «соядаги захираларининг» асосий қисмини 2022 йилда жамғаришга муваффақ бўлган, аммо ҳозир ҳам уларнинг қиймати секин-аста бўлсада ошиб бормоқда. Россия Марказий банки буни мамлакат корхоналари дуч келадиган тўлов муаммолари билан изоҳлаяпти.

Регулятор томонидан эълон қилинган статистикага кўра, 2024 йилнинг январ-июл ойларида Россия компаниялари хорижий активларни 44,6 миллиард долларга оширган. Маблағларнинг катта қисми «халқаро тўловлар занжирларининг мураккаблашиши» билан боғлиқ, бунинг натижасида бизнесда «дебиторлик қарзлари» пайдо бўлади.

Киритилди: 09:50 17.09.2024. Ўқилди: 784 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!