Бугун 26 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Россиянинг Европадаги гибрид ҳужумлари кучайди

Россиянинг Европадаги гибрид ҳужумлари кучайди

Германия ТИВ раҳбари БМТда Россиянинг Европадаги гибрид ҳужумлари кучайганини айтди.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Россиянинг Европадаги гибрид ҳужумлари кучайганини билдирди.

Вадефуль Берлин Россия зиммасига юклаган Лейпциг аэропортидаги эҳтимолий диверсия уринишини мисол қилиб келтирди. Унинг айтишича, портловчи модда билан жиҳозланган дрон ёрдамида икки юк самолётини портлатишга уриниш бўлган.

«Украина ва халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлаётганларга қарши Россиянинг гибрид ҳужумлари янги босқичга чиқди», — деди Германия ТИВ раҳбари.

Россиянинг Украинага қарши уруши ҳақида гапирар экан, Вадефуль можарони ҳал қилиш учун учта асосий қадамни таклиф қилди.

Биринчидан, у дарҳол ва тўлиқ ўт очишни тўхтатиш, бу жараённи Қора денгиздан бошлаш зарурлигини айтди. Вадефуль Россия Украина ғалласини денгиз орқали олиб чиқишга тўсқинлик қилаётганини ва бу ҳолат дунёдаги очлик ҳамда қийинчиликларни кучайтираётганини билдирди.

Иккинчидан, Германия вазири ҳарбий асирларни кенг қамровли алмашиш зарурлигини таъкидлади.

Учинчи қадам сифатида Вадефуль халқаро ҳуқуқ тамойилларига асосланган музокараларни бошлашга чақирди. У бундай музокаралар «ҳар томонлама, адолатли ва барқарор тинчлик»ка йўл очиши мумкинлигини айтди.

Вадефуль Украина бундай музокараларга анчадан бери тайёр эканини, Россия эса улардан воз кечаётганини билдирди. Германия вазири бундай позиция Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатидаги мажбуриятларига мос келмаслигини таъкидлади.

Киритилди: 07:45 25.09.2026. Ўқилди: 503 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!