Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилишича, Россиянинг Тамбов вилояти Кирсанов шаҳридаги беш қаватли уйда газ чиқиши сабаб портлаш содир бўлди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлган, беш киши жароҳат олган.
Қайд этилишича, ҳодиса Коммунистик кўчасида содир бўлган. Портлаш оқибатида бинонинг тўртинчи ва бешинчи қаватлари вайрон бўлган. Ҳодиса 150 квадрат метр майдонни қамраб олган ва ҳозирги пайтда ундан чиққан ёнғин ўчирилган.
“Ҳодиса жойида фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда ва жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда. Уйнинг эвакуация қилинган аҳолиси учун 60 ўринли вақтинчалик тураржой пункти тайёрланган”, – дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳудудий Тергов қўмитаси воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 109-моддаси 3-қисми (эҳтиётсизлик орқали икки ва ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлиш) бўйича жиноий иш қўзғатган.