Россияда ChatGPT, Claude ва Gemini каби хорижий сунъий интеллект хизматлари чекловларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новости нашри хабар берди.
Бундай эҳтимол Рақамли ривожланиш вазирлиги томонидан тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган сунъий интеллектни тартибга солиш тўғрисидаги қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Ҳужжатда “трансчегаравий сунъий интеллект технологиялари” тушунчаси жорий этилмоқда. Бу тушунча остида фойдаланувчи маълумотлари мамлакатдан ташқарига узатиладиган хорижий сунъий интеллект моделлари назарда тутилади.
MWS АИ (МТС Web Services таркибига киради) катта ҳуқуқшуноси Кирилл Дяковнинг сўзларига кўра, ушбу тоифага ChatGPT, Claude ва Gemini киради.
Улардан фарқли ўлароқ, Qwen ва DeepSeek каби очиқ моделларни Россия компаниялари ва давлат ташкилотларининг ўз инфратузилмасида хавфсиз жойлаштириш ва қўшимча ўқитиш мумкин. Бу ҳолда барча маълумотлар мамлакат ичида қолади.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, кунлик аудиторияси 500 минг кишидан ортиқ бўлган сунъий интеллект хизматлари эгаларига фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни Россияда камида уч йил давомида сақлаш мажбуриятини юклайди.
Рақамли ривожланиш вазирлигининг изоҳ беришича, ушбу чоралар фуқароларни яширин манипуляциялар ва камситувчи алгоритмлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
Шу билан бирга, ҳужжатда чет эл сунъий интеллект моделларидан фойдаланишга қандай ҳолларда чекловлар киритилиши мумкинлигига ҳозирча аниқлик киритилмаган.
Қонун 2027 йил 1-сентабрдан кучга кириши режалаштирилган. Шунингдек, у нейрон тармоқлар томонидан яратилган контентни белгилашни жорий этади ва ишлаб чиқувчиларнинг жавобгарлигини белгилайди.