Россия президенти Владимир Путин муддатли ҳарбий хизматни ўташ тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.
Ҳужжатга кўра, кузда муддатли ҳарбий хизматга 130 минг киши танлаб олинади. Унга 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган, соғлиғи бўйича яроқли ва захирада бўлмаган фуқаролар чақирилади. Кузги чақирув 2023 йил 1-октябрда бошланиб, 31 декабрда тугайди.
Россия Қуролли Кучларининг Бош ташкилий ва сафарбарлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Владимир Симлянский ҳарбий хизматга чақирилувчилар “янги ҳудудларга” урушда қатнашиш учун юборилмаслигини айтди.
“Ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, улар зудлик билан бўшатилади ва уйига жўнатилади”, — деди у.
1-октябрдан бошлаб Россияда ҳарбий хизматга чақирув бўйича ҳарбий комиссияга узрсиз сабабсиз келмаганлик учун жарима миқдори оширилади. Максимал жарима миқдори 30 минг рублни (3 миллион 754 минг сўм) ташкил қилади. Тегишли қонунни 31 июль куни Владимир Путин имзолаган.