Бугун 28 июнь, 2024 йил, жума

O'ZB

Россия Япония денгизига чиқиш учун дарёни Хитойга беради

Россия Япония денгизига чиқиш учун дарёни Хитойга беради

Россия ва Хитой Япония денгизига қуйиладиган Туманная дарёси чегараси бўйлаб Хитой кемаларининг эркин ўтиши бўйича музокараларни бошлашга тайёрланмоқда, дея хабар бермоқда Никкеи Ациа.

ХХР ва Шимолий Корея чегараси бўйлаб, сўнгра Россия Федерацияси ва КХДР чегараси бўйлаб оқиб ўтувчи дарё 19-аср ўрталаригача Хитойга тегишли бўлган ерларда жойлашган. Ҳозирда Хитой кемалари дарё бўйлаб фақат Фанчуан қишлоғигача ҳаракатлана олади ва қуйи оқимга – денгизга чиқиш имконини берувчи 15 километрлик участкага чиқиш имконига эга эмас.

Дарё тақдири май ойида президент Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Тсзинпин ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинган, деб ёзади Никкеи. Ташрифдан кейинги расмий баёнотда Россия Федерацияси ва Хитойнинг Туманная дарёси бўйича Шимолий Корея билан «конструктив мулоқот»да иштирок этиши ҳақидаги банд бор эди.

Хитой кемаларининг ўтишига Совет Иттифоқи йилларида Россия Федерацияси ва КХДР чегарасида қурилган Дўстлик кўприги тўсқинлик қилмоқда. Никкеи маълумотларига кўра, Пекин 7 метрли иншоотни бузиш масаласини кўриб чиқмоқда, шунингдек, дарёнинг қуйи оқимида кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Йиллар давомида Хитой расмийлари Москвадан кемаларнинг дарёдан ўтиши учун рухсат сўраб келган, бироқ қаршиликка учраган, деб ёзади Никкеи. Энди, Хитой Россиянинг энг йирик савдо шеригига айланганда ва Кремлнинг Хитойга нефть етказиб бериш ва технология харидларига қарамлиги муҳим ҳолга келганида, масала олдинга силжиди.

Бир йил аввал Шарқий иқтисодий форумда бу фикрни Ренмин университети Молиявий тадқиқотлар институти декани Ван Вен билдирган эди. Унинг ишончи комилки, Пекинга ҳам қарам ва Кремль билан алоқаларини кенгайтираётган Шимолий Корея бу лойиҳага рози бўлади.

Туманная дарёси бўйича Россия-Хитой музокаралари Японияда хавотир уйғотмоқда. Катта эҳтимол билан қуролли қирғоқ қўриқлаш кемаларига ҳам Япония денгизига чиқиш имкони берилади, деди Кюшу университети профессори Чисако Масуо.

Хитой Сенкаку оролларига даъво қилмоқда ва унинг кемалари баҳсли ҳудудга кириши мумкин, яъни Япония қирғоқ қўриқлаши минтақадаги кучларини ошириши керак, деди Масуо.

2000 йилларнинг ўрталарида Путин Тарабаров, Виноградов, Корейский, Ромашкин оролларини ва Амур дарёсидаги Болшой Уссурийский оролининг бир қисмини Хитойга беришга рози бўлди. 2023 йил август ойида Хитой давлатга қарашли «Стандарт хариталар картографик хизмати» 2023 йил учун географик хариталар тўпламини тақдим этди, унда бутун Катта Уссури ороли ХХР ҳудудига бириктирилган эди. Харитадаги тушунтириш хатида айтилишича, у «Хитой ва дунёнинг бошқа мамлакатларидаги чегараларни лойиҳалаш учун миллий стандартларга мувофиқ тузилган».

Киритилди: 19:35 19.06.2024. Ўқилди: 1716 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!