Украина разведкаси маълумотларига кўра, Москва йил охиригача бир неча юз минг кишини сафарбар қилишни ва 2027 йилда ҳам ҳарбий хизматга жалб қилишни давом эттиришни режалаштирмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленский Украина разведкаси Россия янги кенг кўламли сафарбарликка тайёргарлик кўраётгани ҳақида маълумотга эга эканини билдирди. Унинг айтишича, Москва бу сафарбарликни кузда ўтказишни режалаштирмоқда.
Зеленский Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси раҳбари Олег Ивашченконинг ҳисоботини тинглаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, разведкада Россиянинг ички ҳужжатлари мавжуд бўлиб, улар Москва кузда, парламент сайловлари ўтказилганидан кейин сафарбарлик бошлашга тайёрланаётганини кўрсатади.
Зеленскийнинг айтишича, сайловлардан сўнг Россия ҳукумати 2026 йил охиригача бир неча юз минг кишини тезкор равишда сафарбар қилишни, келаси йил эса шунга яқин миқдорда яна ҳарбий хизматчиларни жалб этишни режалаштирмоқда.
Украина президенти бу Россия қуролли кучларини шартнома асосида ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш жараёни давом этаётган бир пайтда амалга оширилишини таъкидлади.
Зеленский, шунингдек, Киев Россиянинг ушбу режаларига қарши чора кўришга тайёрланаётганини билдирди.
«Биз ўз фаол ҳаракатларимизга, Россиянинг бундай режаларни амалга оширишини имкон қадар қийинлаштиришга тайёргарлик кўряпмиз», — деди у.
Ҳозирча Украина томонининг Россия янги сафарбарлик ўтказиш режалари ҳақидаги баёнотлари мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган.