Россия жума куни эрталаб Украинанинг энергетика инфратузилмасига ўнлаб дрон ва қанотли ракеталардан фойдаланган ҳолда кенг кўламли ҳаво ҳужуми уюштирди.
Президент Владимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украинага 200 га яқин дрон ва 93 та ракета учирилган, шу жумладан камида битта Шимолий Корея ракетаси.
У ижтимоий тармоқларда шундай ёзди: «Жами 81 та ракета йўқ қилинди, уларнинг 11 таси бизнинг Ф-16 қирувчи самолётларимиз томонидан тўхтатилган қанотли ракеталар эди.» У Ғарб мамлакатларидан кўпроқ ҳаво мудофаа тизимлари ва Москвага нисбатан қаттиқроқ санкциялар киритишни талаб қилди.
Ташқи ишлар вазири Андрий Сибиха ҳам шерикларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кўпроқ таъминлашга чақирди.
«Россия бизни энергиядан маҳрум этишни мақсад қилган. Аксинча, биз уни террор воситаларидан маҳрум қилишимиз керак...», деб ёзди у ижтимоий тармоқда.
Хабарларга кўра, ҳужум мамлакатнинг ғарби, жануби ва шарқидаги бир қанча ҳудудларни нишонга олган. Украинанинг энг йирик хусусий энергетика компанияси ДТEК маълум қилишича, Россия кучлари энергия инфратузилмасига эрталаб уюштирилган ҳужум пайтида иссиқлик электр станциялари ускуналарига «жиддий зарар етказган».