Россия ва Украина делегациялари видео форматда музокараларни давом эттирмоқда. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, дея хабар беради “Интерфакс”.
“Ҳа, музокаралар видео форматда давом этмоқда, делегацияга [Россия президенти ёрдамчиси] Владимир Мединский бошчилик қилишда давом этмоқда”, деди Песков. У ҳозирча тафсилотларга изоҳ беришдан бош тортди.
Россия ва Украина делегациялари ўртасида уч раунд юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Иккинчисидан сўнг Украина томони гуманитар йўлаклар масаласида “ижобий ўзгаришлар” борлигини, бироқ ҳозирча мамлакатдаги вазиятни сезиларли даражада яхшилайдиган натижалар йўқлигини маълум қилди. Ўз навбатида, Россия делегацияси Украина билан музокараларнинг навбатдаги босқичидан кутилган умидлар ўзини оқламаганини таъкидлади.
Россия ва Украина президентлари Владимир Путин ва Владимир Зеленский ўртасидаги музокаралар эҳтимолига келсак, Кремл бу делегациялар ва вазирлар ўз ишини тугатгандан кейин “концептуал жиҳатдан мумкин” эканини айтди.