Россия ва Украина Пасха муносабати билан эълон қилинган 32 соатлик ўт очишни тўхтатиш режими бузилгани бўйича бир-бирини айблади.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотига кўра, 12 апрель эрталабгача 2 мингдан ортиқ қоидабузарлик қайд этилган.
Улар орасида ҳужум ҳаракатлари, артиллерия ўқ узишлари ва қисқа масофали дронлардан фойдаланиш ҳолатлари бор. Шу билан бирга, узоқ масофали ракеталар ҳамда бошқариладиган авиабомбалар қўлланмагани таъкидланган.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳам украин томонидан деярли 2 мингта бузилиш содир этилганини маълум қилди. Вазирликка кўра, улар орасида дронлар қўлланилган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Шунингдек, Белгород вилоятида 11 апрель куни юз берган ҳужум оқибатида икки нафар тинч аҳоли ҳалок бўлгани хабар қилинди.