"11 майга ўтар кечаси Украина ҳаво мудофаа кучлари мамлакатнинг шарқий, шимолий, жанубий ва марказий қисмларида 60 та Shahed туридаги дронларни тўхтатди. Яна қирқдан ортиқ дрон нишонига етиб бормади.
Шунингдек, Суми ва Харков вилоятларига бошқарилувчи авиация бомбаларининг учирилиши ҳақида ҳам хабар берилган.
Бош штаб маълумотига кўра, Россия дронларни Брянск, Смоленск вилоятидаги Шаталово, Ростов вилоятидаги Миллерово, Краснодар ўлкасининг Приморско-Ахтарск шаҳарларидан, шунингдек Россия назоратидаги Запороже вилояти ва аннекция қилинган Қрим ҳудудларидан учирган.
"Киев вилоятида Россия дронлари ҳужуми оқибатида 70 ёшли эркак жабрланди, бир нечта уйга зарар етди", — дея маълум қилди Киев вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Николай Калашник.
Днепропетровск вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисакнинг маълум қилишича, Россия армияси ушбу ҳудудга дронлар, бошқарилувчи авиация бомбалар ва артиллерия билан ҳужум қилган. Бир неча бино зарарланган, ҳеч ким жабрланмаган.