Буюк Британия ва унинг иттифоқчилари, жумладан, АҚШ, Франция ва Германия Россия ҳарбий разведкаси томонидан мувофиқлаштирилаётган зарарли кибероперация ҳақида биргаликда огоҳлантириш билан чиқди. Кампания мақсадлари, жумладан, Украинага ёрдам кўрсатувчи ташкилотлардир.
"Россия ҳарбий разведкаси томонидан олиб борилаётган бу зарарли кампания мақсадли тузилмалар, жумладан, Украинани қўллаб-қувватлашда иштирок этаётганлар учун жиддий таҳдиддир," деди Британия Миллий киберхавфсизлик маркази (NCSC) операциялар директори Пол Чичестер. Унинг сўзларидан Reuters иқтибос келтирган.
NCSC маълумотларига кўра, ҳужумлар, шунингдек, НАТОга аъзо бир қатор мамлакатларнинг логистика ва технология соҳаларида ишлайдиган компаниялари, мудофаа корхоналари, ИТ-компаниялари, денгиз портлари, аэропортлари ва ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларига қаратилган.
Огоҳлантириш хавфларни камайтириш учун дарҳол ҳаракат қилиш бўйича тавсияларни ўз ичига олади. "Биз ташкилотларга ўз тармоқларини ҳимоя қилишни таъминлаш учун ҳужжатда келтирилган таҳдид ва жавоб чоралари ҳақидаги маълумотларни диққат билан ўқиб чиқишни қатъий тавсия қиламиз," - дея қўшимча қилди Чичестер.