Россияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати мезбонлар учун якунига етди. Россия фантастик ўйинлар намойиш этиб, мундиалнинг чорак финалига қадар етиб келди. Бу йўлда ҳатто Испания терма жамоаси таслим этилди. Руслар ярим финалга чиқишга ҳам жуда яқин келишди, аммо бу сафар Хорватия терма жамоаси Россиядан омадни тортиб олди.
Россиянинг турнирдаги иштирокига ортиқча таъриф бериш шарт эмас. Владимир Путин мамлакат шарафини ҳимоя қилган футболчилардан миннатдор, руслар ҳам терма жамоадан асло норози эмас. Ахир гуруҳдан чиқиши ҳам шубҳа остида турган жамоа чорак финалга етиб келса, бу мақташга арзигулик ҳолат. Шу ўринда бир саволга жавоб бериб ўтмоқчимиз. Хўш, Россия чиндан ҳам ғалабаларни сотиб олдими? Айни дамда шундай мазмундаги фикрлар "болалаяпти". Россиянинг натижаларини "сотиб олинган" дея бахолашяпти. Аслида-чи, Россиянинг муваффақияти сунъийми? Келинг, Япония ҳамда Жанубий Корея майдонларида бўлиб ўтган мундиални ёдга олайлик. Ўшанда Жанубий Корея терма жамоаси, яъни мезбонлар агар адашмаётган бўлсак, 4-ўринни эгаллашганди. Учинчи ўрин учун кечган ўйинда Туркияга ютқазишганди ва ана шу ўйингина чин маънода ҳаққоний бўлганди. Қолган ўйинларда эса корейслар шубҳали тарзда зафар қучишган, бош ҳакамлар эса мезбонларга ёрдам қўлини чўзишганди. Хўш, бу гал шундай ҳолат бўлдими? Бош ҳакам ёки ёрдамчи ҳакамлар Россия фойдасига ишлашдими? Йўқ жойдан пеналти берилдими? Йўқ, Испанияга қарши ўйиндаги пеналти ҳаққоний эди, чунки Пике қўлини ишлатганди. Саудия Арабистони ва Миср эса адолатли тарзда мағлуб этилди.
Россиянинг ғалабаларига, бундай омадли натижасига фақат бир омил сабаб — ватанпарварлик. Руслар бу галги мундиалда ватанга бўлган меҳр, ватанпарварлик керак бўлса мўжизаларга сабаб бўлишини исботлашди. Россия жаҳон чемпионатининг кашфиётига айланди. Шунинг учун “Россия ғалабаларни сотиб олган”, деган фикрлар мутлақо асоссиз.
Фикримиз сўнггида русларни омалди иштирок билан табриклаймиз ва мундиалда қолган жамоаларга омад тилаймиз.