Россия Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Михаил Богданов ва президентнинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентев Дамашққа ташриф буюрди. Ушбу ташриф расмий мақомга эга бўлсада, дипломатларнинг сафаридан мақсад очиқланмаган. Илгари суриялик расмийлар Россия билан мамлакатдаги ҳарбий базаларнинг кейинги фаолияти юзасидан музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.
Айни пайтда «Озодлик Радиоси» сунъий йўлдош тасвирларига таяниб, Россия Суриянинг Тартус портидан ҳарбий техникасини олиб чиқишни бошлаганини хабар қилди. Ассад режими ағдарилгандан кейин Россиянинг Суриядаги базаларидан олинган техника портга келтирилган эди, бироқ у ҳанузгача Сурия ҳудудида қолаётганди. Эндиликда портда бўлган икки россиялик «Оборонлогистика» кемасидан камида бири жўнаб кетди. Тахминларга кўра, кемада ҳарбий техника жойлашган – сунъий йўлдош тасвирларига кўра, техника илгари портда турган жойлардан йўқолган.