Шу кунларда Россиядаги Ўзбекистон фуқароси бўлган айрим мигрантларга армияга чақирув қоғозлари келганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Шунингдек, меҳнат мигрантларини, жазони ўтаётган маҳкумларни Россия армияси сафларига жалб қилиш бўйича тарғибот қилинаётганлиги тўғрисида ҳам хабарлар келмоқда. Хўш, Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари ўзларини Россия армиясига жалб этиш учун тарғиб қилинаётган бўлса ёки уларга чақирув қоғози келган бўлса қандай йўл тутиш керак?
Россия армиясида хизмат қилиш мумкин эмас
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон фуқаролари чет давлатларнинг (шу жумладан Россиянинг) ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёллангани учун Ўзбекистон ЖКнинг 154.1-моддасига кўра 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундан ташқари, ёлланиш учун ҳам ЖКнинг 154 моддасида жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, ёлланма аскар бўлганлар 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилади. Бундай жавобгарлик бошқа давлатлар (хусусан қўшни давлатнинг) ЖКларида ҳам белгиланган. Масалан, Тожикистон ЖКнинг 401.1 моддасига кўра 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоси, Қирғизистон ЖКнинг 416 моддасига кўра 7 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси, Қозоғистон ЖКнинг 162.1 моддасига кўра эса 7 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.
Ўзбекистон фуқаролари фақат Ўзбекистон армиясида хизмат ўташлари мумкин.
Мигрантлардан қандай йўл тутишлари керак?
Россия қонунчилигига кўра бошқа давлат фуқаролари шу жумладан, Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини армия сафларига мажбуран жалб этиш назарда тутилмаган. Содда қилиб айтганда, Россиядаги мигрантлар Россия армиясида хизмат ўташга мажбур эмас.
Шунингдек, Россияда яқинда эълон қилинган қисман сафарбарлик тоифасига Ўзбекистон фуқаролари кирмайди. Демак, фуқароларимизни ушбу низоли ҳудудларга мажбурий равишда олиб кетиш мумкин эмас.
Агарда армия сафларига тарғиб қилинаётган бўлса, бундай тарғиботларчилардан яхшиси узоқроқ юрган маъқул. Бунинг имкони бўлмаса армияга боришга ҳеч қачон розилик билдириш керак эмас. Ҳатто қандайдир розилик билдирганга ўхшаган ҳаракатларни ҳам содир этмаслик керак.
Патент ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштиришда ҳужжатларни диққат билан ўқиб, мазмунини тушуниб кейин имзолаш керак. Агарда ҳарбий хизматга, армия сафларига жалб этиш билан боғлиқ ҳужатлар бўлса уларни зинҳор имзолfмаслик керак.
Ўзбекистон фуқаросига армияга чақирув қоғози келган бўлса, вазиятга ойдинлик киритиш керак. Чақирув қоғози юборилган ҳарбий комиссариатга ташриф буюриб, Ўзбекистон фуқароси эканлиги билдириб қўйиш ва ҳарбий рўйхатдан чиқаришни талаб қилиш керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, Россиядаги мигрантларни ҳеч ким мажбурлаб армия сафларига жалб қилишга ҳақли эмас. Алдовлар, турли ваъдаларга ишонмаслик керак. Агарда тўқ-пўписа қилиш, қўрқитиш, шантаж қилиш ва бошқа мажбурий бўлган йўли билан армия сафларига жалб этишга уринаётган бўлса, унда ҳам қўрқмаслик керак ва таклифларни рад этиш ҳамда Ўзбекистоннинг элчихона ва консуллик идораларига, адвокатга ёки ҳуқуқий ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган шахсларга мурожаат қилиш лозим.
Ф.Примов, юридик фанлар
бўйича фалсафа доктори, доцент