Москванинг «Спартак» клуби яримҳимоячиси Остон Ўрунов фаолиятини собиқ клубида давом эттирадиган бўлди.
«Уфа» клуби 20 ёшли хавбекни сотиб олиш ҳуқуқи билан 2022 йилнинг июнь ойига қадар ижарага олиш бўйича «Спартак» билан келишувга эришди. Ўрунов Бошқиртистон клубида шартномада келтирилган маълум миқдордаги ўйинларда тўп сурса, уфаликлар Остонни сотиб олиш мажбуриятини олишади.
20 ёшли ўзбекистонлик яримҳимоячи 18 август куни «Уфа» клубида тиббий кўрикдан ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўрунов 2020 йилда «Уфа»дан «Спартак» сафига 1,5 миллион еврога ўтиши ҳақида хабар қилинган, бир йил ўтиб уфаликлар Остонни ортга қайтармоқчи бўлганида футболчи учун 3 миллион евро сўрашганди. Ўруновнинг Москва клубидаги йиллик маоши 600 минг еврони ташкил этарди.