Аргентиналик ҳужумчи Лионель Месси ва «Интер Майами» дарвозабони Йен Фрэй MLS мунтазам чемпионати доирасидаги «Филадельфия Юнион»га қарши ўйиндан сўнг (2:2) пул жаримасига тортилди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар бермоқда.
Манба берган маълумотларга кўра, ўйин давомида Месси Куинн Салливан билан жанжал марказида бўлиб қолган ва рақибининг бошига кафти билан туртган. Кейинчалик Фрэй ва Салливан иштирокида яна бир вазият юзага келган, қўшиб берилган дақиқаларда эса Каван Салливан ҳамда Янник Брайт ўртасида даҳанаки жанжал чиқиб, иккаласи ҳам майдондан четлатилган эди.
Учрашувдан сўнг мустақил комиссия эпизодларни қайта кўриб чиқди. Каван Салливанга кўрсатилган қизил карточка бир овоздан бекор қилинди, Месси ва Фрэй эса молиявий санкцияга учради. Жарима миқдори ҳозирча очиқланмаяпти.