Қозоғистонлик собиқ чемпион Адил Тилектес бахтсиз ҳодиса оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Чимкент шаҳар полиция департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса спортчи ишлаб келган корхонада содир бўлган. Адил Тилектес иш жараёнида юқори кучланишли электр кабелига тасодифан тегиб кетган. Электр токи уриши натижасида у баландликдан қулаган ва оғир жароҳат олган.
Тилектес эшитишида нуқсони бўлган спортчилар ўртасида ўтказиладиган мусобақаларда юнон-рум кураши бўйича қатнашган. У 2019 йилда 60 килограммгача вазн тоифасида Қозоғистон чемпионига айланган.
Профессионал спортдаги фаолиятини якунлагач, у Чимкентдаги керамик плитка ишлаб чиқариш корхонасида ишлаб келаётган эди.
Полиция ҳодиса юзасидан терговга қадар текширув бошланганини маълум қилди.
"Дастлабки маълумотларга кўра, эркак иш вақтида электр токи уриши оқибатида ҳаёт учун хавфли тан жароҳати олган. Ҳозирда воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаш мақсадида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда", дейилади расмий хабарда.